7 февраль куни «Буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий ижодий меросини юртимиз ва жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш ҳамда Навоий вилоятида «Алишер Навоий йили»ни юқори даражада ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори [ПҚ-43-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар қилди.

Қарорга кўра, Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан Навоий вилоятида 2025 йил «Алишер Навоий йили» деб номланади.

Алишер Навоий ижодий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш ҳамда Навоий вилоятида «Алишер Навоий йили»ни юқори даражада ўтказиш бўйича республика комиссияси ҳамда чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Алишер Навоий меросини ўрганиш ишларини юқори босқичга кўтариш мақсадида мамлакат ва чет элларда тизимли асосда илмий изланишлар олиб бориш ва уларнинг натижаларини эълон қилиш, ушбу мавзуда янги илмий, бадиий ва оммабоп асарлар яратиш, хориждаги навоийшунос олим ҳамда ижодкорларнинг асарларини ўзбек тилида нашр этиш чораларини кўриш Республика комиссиясининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

«Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси» анъанавий халқаро симпозиуми ва навоийхонлик тадбирлари юқори савияда ўтказилади.

Навоий давлат университетида 2025 йил 10−15 октябрь кунлари «Алишер Навоий илмий-адабий меросининг умумбашарият маънавий ва маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилади.

«Ҳазрат Навоийни англаш — ўзлигимизни англаш» мавзусида республика танлови, шунингдек, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда «Навоийхонлик кечалари» ташкил этилади.