Январь ойи якунига кўра, Ўзбекистонда аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси ўтган ойга нисбатан ўзгаришсиз қолиб, 14,7 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк томонидан эълон қилинган сезилган инфляция даражаси бўйича сўровнома натижаларида айтилган.
Эслатиб ўтамиз, 14,7 фоизлик сезилган инфляция даражаси 2023 февралидан буён энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Ҳудудлар кесимида ўтган ойда энг юқори сезилган инфляция даражаси Сирдарё вилоятида қайд этилган — 16,8 фоиз. Шунингдек, кўрсаткич Тошкент вилояти (16,5 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (16 фоиз) ҳам юқори бўлиб турибди. Энг паст сезилган инфляция даражаси Навоий вилоятида қайд этилган — 12,6 фоиз.
Ой давомида нархлари энг кўп ўсиш сезилган товарлар гўшт ва табиий сут, шунингдек, электр энергияси ва табиий газ бўлди. Сўровнома иштирокчиларининг 41 фоизи бу товарлар нархида кескин ўсиш сезилганини қайд этган.
Мева ва сабзавотлар нархи ошганини қайд этган респондентлар улуши декабрга нисбатан 5 фоизга кўпайиб, 38 фоизни ташкил этди. Шунингдек, ой давомида тухум нархи ошганини қайд этган сўровнома иштирокчилари улушида кескин камайиш кузатилди.
Даромадсиз ҳамда даромадлари 5 млн сўмдан юқори бўлган аҳолининг сезилган инфляция даражаси нисбатан юқори шаклланди. Аҳоли томонидан юқори сезилган инфляция даражаси давлат ташкилоти ва тиббиёт соҳалари вакиллари томонидан билдирилган бўлса, нисбатан паст сезилган инфляция даражаси маиший хизмат соҳаси вакиллари томонидан қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, январь ойида Ўзбекистонда расмий инфляция 0,72 фоизни ташкил этди, бу 2024 йилнинг январь ойига нисбатан юқори ҳисобланади. Йиллик инфляция (ўтган йилнинг январига нисбатан) 9,89 фоизгача тезлашди (декабрда 9,8 фоиз эди).
Охирги бир ойда тухум нархи кескин — 14,3 фоизга (-22,4 фоизга) пасайди.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, ўтган ойда автомобиллар учун ёқилғи сифатида фойдаланиладиган газ нархида пасайиш кузатилган. Пропан нархи 13,2 фоизга пасайган (йиллик ҳисобда 8,3 фоизга ошган). Метан нархи эса 0,1 фоизга арзонлаган (йил давомида 20,9 фоизга ошган). Бензин нархи бир ой ичида 1,5 фоизга (йиллик ҳисобда 3,9 фоизга) ошди.
Энг юқори йиллик инфляция газ (2,3 баравар ўсиш) ва электр энергияси (1,7 баравар ўсиш) билан таъминлаш хизматларида бўлиб қолмоқда. 2024 йилнинг май ойидан Ўзбекистонда электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилганди (2019 йил августидан буён илк марта). Шунингдек, энергоресурслар истеъмоли бўйича ижтимоий норма жорий этилганди. 2025 йил 1 апрелдан тарифлар яна ошиши режалаштирилган.