Ўзбекистонда 2025 йилда «Сояли сайр кўчалари» тармоғи яратилади ҳамда соҳил ва дарё бўйларида инфратузилма объектлари қурилади. Бу президент томонидан имзоланган фармонда кўзда тутилган.
Фармонга мувофиқ, 2025 йилда маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, кўчаларда яшиллик даражасини ошириш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантириш борасида бир қанча ишлар амалга оширилади.
Жумладан, аҳоли учун барпо этилаётган пиёдалар ва алоҳида велосипед йўлаклари бўйида дарахтлар ва ўсимликларни экиш орқали «Сояли сайр кўчалари» тармоғи яратилади, соҳил ва дарё бўйларида 80 та инфратузилма объекти ва 110 километрдан ортиқ соғломлаштириш йўлаклари қурилади.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ва «Менинг боғим» лойиҳаси доирасида 200 миллион туп дарахт ҳамда буталар экилиши, «яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари»да қуёш панеллари ёрдамида қувватланувчи ёриткичлардан фойдаланилади.
Орол денгизи тубида 100 минг гектар «яшил майдон» барпо этилади ва Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорлар 2,1 миллион гектарга етказилади. Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларининг танланган ҳудудларида шўр ва сувсизликка чидамли ўсимликлар (галофит) боғлари ташкил этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Сурхондарё, Жиззах, Фарғона ва Тошкент вилоятларида давлат «ин-витро» лабораториялари ташкил этилади. Жамоатчилик, экофаоллар ва бизнес вакилларининг табиатни муҳофаза қилиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш акселерация тизими жорий этилади.