2024 йил якунига кўра Ўзбекистон иқтисодиётининг кузатилмайдиган ҳажми 505 трлн сўмдан ошди, дея хабар берди Статистика агентлиги.
Кузатилмайдиган иқтисодиёт — доимий статистика кузатувларида тўлиқ ёки қисман қамраб олинмаган, шунингдек, статистика кўрсаткичларида акс эттиришда билвосита усуллар орқали баҳоланадиган иқтисодий фаолият турлари.
Норасмий иқтисодиёт — уй хўжаликлари ёки жисмоний шахслар томонидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмаган ҳолда амалга ошириладиган ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) билан боғлиқ иқтисодий фаолият.
Яширин иқтисодиёт — қонун билан ман этилмаган, аммо солиққа тортилмаслик ва қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмаслик мақсадида давлат органларидан атайлаб беркитилган иқтисодий фаолият.
Аввал хабар берганимиздек, 2024 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 6,5 фоизга ўсиб, 1,45 трлн сўмни (деярли 115 млрд долларни) ташкил этди.
2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда кузатилмайдиган (норасмий ва яширин) иқтисодиётнинг ялпи қўшилган қиймати ҳажми 505 трлн 650,1 млрд сўмни, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши эса 34,8 фоизни ташкил этди.
Норасмий иқтисодиётнинг ялпи қўшилган қиймати ҳажми 383 трлн 643,7 млрд сўм ва унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 26,4 фоиз бўлди. Яширин иқтисодиётнинг ялпи қўшилган қиймати ҳажми эса 122 трлн 6,5 млрд сўмни, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 8,4 фоизни ташкил этди.
Норасмий ва яширин иқтисодиёт ҳажмининг тармоқлар бўйича таркибида қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги 63,6 фоизни, қурилиш 41,3 фоизни, хизматлар соҳаси 40,1 фоизни ва саноат 8,9 фоизни ташкил этган.
Аввалроқ Ўзбекистонда Халқаро валюта жамғармаси раҳбарлигида «кузатилмайдиган» иқтисодиёт ҳажмини баҳолаш бўйича тадқиқот ўтказилган эди. Унинг натижаларига кўра, 2024 йили Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 1,192 квадриллион сўмни ташкил этди (101,6 млрд доллар). Статистика агентлиги маълумотларига кўра, ялпи ички маҳсулот ҳажми қайта кўриб чиқилишидан олдин ЯИМ 1,066 квадриллион сўмни ташкил қилган. Кузатилмайдиган иқтисодиётни ҳисобга олиш номинал кўрсаткичнинг 11,8 фоизга ўсишига олиб келди, бу қўшимча 125,6 трлн сўм (10,7 млрд доллар) дегани.
Декабрь ойида Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев Ўзбекистон беш йил ичида яширин иқтисодиётни икки баробарга қисқартиришни ва 2025 йилгача бюджетга қўшимча 20 трлн сўм жалб қилишни режалаштираётганини айтганди. Бу мақсадда сохта тадбиркорлик, нархларни манипуляция қилиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш схемалари устидан назорат кучайтирилади.
2023 йилнинг сентябрь ойида экспертлар томонидан яширин иқтисодиёт ҳажми 32 млрд доллар (ЯИМнинг қарийб 40 фоизи) деб баҳоланган эди. Ўшанда асосий таркибий қисмлар иккиламчи уй-жой ва автомобиль бозори, қишлоқ хўжалиги, норасмий савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси экани айтилганди.