Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.
Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.
Ўзбекистонда ҳафта давомида совуқ ва булутли об-ҳаво муҳити кузатилиши кутиляпти. 10 ва 13 февраль кунлари жанубдан нам ҳаво оқимларининг кириб келиши ортидан жойларда асосан қор ёғиши тахмин қилинмоқда.
Иш кунларидаги об-ҳавони марказида атмосфера босими 1030−1035 гПа гача кўтарилувчи антициклонал жараёнлар белгилаб беради. Бу жараёнлар чеккасида шаклланувчи нам ҳаво оқимлари ортидан жойларда кўп бўлмаган қор ёғишини прогноз қилиш мумкин.
Душанба куни водий вилоятларидан ташқари барча вилоятларда кундуз куни ҳарорат ноль даражадан бироз юқори бўлиши кутилади. Фарғона водийсида эса шу куни кундузи ҳаво ҳарорати +10 даражагача илиқ бўлади. Сешанбадан Ўзбекистон «кундузи илиқроқ, кечаси совуқ» тамойилига эга об-ҳаво муҳити таъсирида бўлади. Бундай об-ҳаво деярли бутун иш ҳафтаси давомида деярли барча ҳудудларда бир хил сақланади. Айни вақтда, ҳафта ўрталаридан бошлаб ҳарорат бироз юқорилайди, аммо тунги ҳароратнинг барибир нолдан паст бўлиши ҳисобига аҳоли илиқликни кўп ҳам ҳис қилмайди.
Манба: Meteoinfo.ru
Оддий қилиб айтганда, ҳафта асосан совуқ, душанбадан бошқа кунлар кундузи бироз илиқроқ, кечаси эса паст ҳарорат фонида ўтади. Айрим кунларда қор ёғиши мумкин.
Жорий ҳафта газ қувурларида табиий газ босимининг камайиши рўй бериб, бу энергетика тармоқлар учун юкламани оширади. Қор ёғиши кутилмалари ва ҳавонинг кундузи илиб, кечалари совиб кетиши ҳисобига, жойларда қалин туман билан бирга яхмалак ҳодисалари кузатилиб, транспорт ҳаракатини бироз оғирлаштириши мумкин.
«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 10 февраль куни айрим вилоятларда қор ёғади. Ҳаво ҳарорати кундузи водий вилоятларида +10 даражагача илиқ, бошқа вилоятларда +5 даражагача илиқ, тунда шимол ва тоғларда −5…−10 даража совуқ, бошқа ҳудудларда -2 даражадан -7 даража совуқгача ўзгаради. Жойларда туман ҳодисалари кузатилиши мумкин. Жанубий ва водий вилоятларида шамол тезлиги сониясига 20 метргача кучаяди.
Синоптиклар 11−13 февраль кунлари Ўзбекистон бўйлаб вақти-вақти билан ёғингарчиликлар (ёмғир-қор) бўлишини, шимолий ҳудудлар ва тоғларда асосан қор ёғишини маълум қилган. Уларнинг фикрича, 12−13 февраль кунлари навбатдаги нам ҳаво оқимлари кириб келишидан аввал жойларда кучли шамоллар эсиши мумкин.
Бу кунларда тунги ҳарорат қийматларида душанба кунига нисбатан ўзгариш бўлмаса-да, кундузи ҳаво ҳарорати бироз кўтарилиб боришини прогноз қилиш мумкин. Фақат водий учун бу қоида тескари ишлайди: у ерда сешанба-пайшанба кунларидаги ҳарорат душанбадагидан анча паст бўлади. Шундай қилиб, ушбу кунлари кундузи шимолий ҳудудлар ва водийда +0…+5 даража илиқ, бошқа ҳудудларда +5…+10 даражагача илиқ ҳарорат кутилади. Туман ҳодисалари бўлиши эҳтимоли сақланади.
Жума, шанба ва якшанба кунлари аҳоли ҳаво ҳароратининг аста-секин кўтарилиб боришига гувоҳи бўлади. Тунги ҳарорат ҳам ҳафта боши ва ўрталарига нисбатан бироз илиқроқ муҳитга ўта бошлайди. Шанба-якшанба кунлари минтақага навбатдаги нам ҳаво оқимлари кириб келиши эҳтимоли бор.
Шанба ва якшанба кунлари ҳарорат ўзгариши ва ёғингарчиликлар эҳтимоли тўғрисидаги сўнгги маълумотларини «Ўзгидромет»нинг ҳар куни янгиланадиган қисқа муддатли об-ҳаво прогнозлари орқали аниқроқ билиб олиш мумкин.
«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, ҳафта (10−16 февраль кунлари) давомида шимолий ҳудудлар ва водийнинг катта қисмидан ташқари ҳарорат шу даврга хос кўп йиллик ўртача иқлимий муҳитдан совуқ, Бухоро, Самарқанд ва Қашқадарёда янада совуқроқ бўлиши кутилади. Ёғингарчилик бўйича эса Қорқалпоғистоннинг катта қисми, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларининг айрим ҳудудларида ҳафта давомида шу даврга хос иқлимий меъёрдан кўпроқ, республиканинг бошқа ҳудудларида эса меъёрий ёғингарчилик бўлиши кутилади.
Шундай қилиб, ҳафта давомида ёғингарчилик шу давр учун хос меъёр атрофида, ҳарорат бўйича эса меъёрдан паст, яъни совуқ бўлиши прогноз қилинган.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
Жорий иш ҳафтасидаги ҳаво муҳити об-ҳаво ўзгаришларига таъсирчан кишилар саломатлигига у қадар катта хавф туғдирадиган даражага эга эмас. Иш кунлари давомида кузатиладиган, марказида атмосфера босими 1022 ва 1035 гПагача бўлган циклон ва антициклон жараёнлар кишилар саломатлигига хавф туғдирувчи вазиятни келтириб чиқармайди.
Фақат шанба кунидан бошлаб жанубдан марказида атмосфера босими 1010 гПа дан паст бўлган циклоник жараённинг кириб келишида бундай жараёнларига таъсирчан кишилар саломатлигида ўзгаришлар бўлишига олиб келиши мумкин. Дам олиш кунлари циклоник нам ҳаво оқимларининг кириб келишидан олдин атмосфера босимининг кескин пасайиб бориши, тунги ҳароратнинг бироз ортиб, ҳавода намлик кўпайиши циклон муҳитини беради.
Қон босими, нафас олиш тизими бузилиши, буйрак ва юрак-қон томир касалликлари билан оғриган беморлар бу жараёнларни нисбатан кучли ҳис қилади — уларда нафас олишнинг қийинлашиши, нафас қисиши, ҳавонинг етишмаслиги ва умумий заифлик кузатилади.
Тавсиялар. Циклон пайти қон босимини доимий кузатиб бориш керак. Кўп миқдорда сув ичиш, енгил душ, тинч ва узоқроқ уйқу, шунингдек, тонгда кофе ичиш тавсия этилади. Атмосфера босими паст бўлган вақтда умумий саломатлик учун лимон ўтлари ёки гинсенг (женшень) дамламаси ичиш мумкин.
Биоиқлимий шароитлар
Душанба куни Ўзбекистоннинг катта қисмида аҳоли қалин кийиниши тавсия этилади. Ҳафтанинг бошқа кунлари кундузи ҳаво ҳарорати бироз илиқроқ кузатилиши ҳисобига қўлқоп, шарф ва қалпоқларга эҳтиёж кўп ҳам сезилмаса-да, аммо тунги ва тонгги муддатлар учун бундай деб бўлмайди. Пайшанбадан бошлаб кундузги ҳарорат сезиларли юқори кўтарилади. Жума ва шанба кунлари кундузи қалин кийимларнинг енгилроғини кийишга имкон берувчи об-ҳаво муҳити кузатилади.
Ҳафта давомида кутилаётган ёғинларнинг қор кўринишида бўлиши прогноз қилинаётгани инобатга олинса, аҳоли қордан эстетик завқ олиши мумкин.
Космик таъсирлар
Душанба, пайшанба ва жума кунлари ўзбекистонликлар «қизил» ва «сариқ» хавфга эга магнит бўрони қўзғалишларига гувоҳи бўлиши мумкин. Кўплаб прогноз моделлари Қуёш фотосферасида 8 февраль куни М синфли учта чақнаш кузатилганини кўрсатмоқда. Ушбу чақнашлардан ажралган плазма икки ёки уч кунда сайёрамиз магнитосферасига урилиб, Ерда магнит бўронларини келтириб чиқариши мумкин.
Манба: Xras.ru
Қозоғистондаги Ионосфера институти эълон қилган геомагнит бўрони прогнозида ҳам иш кунлари боши ва ўрталарида об-ҳаво ўзгаришларига мойил кишилар саломатлигига бироз хавф туғдирадиган «сариқ» даражадаги, яъни кучсиз қўзғалишлар билан рўбарў келиши қайд этилган.
Манба: Ionos.kz
Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқ.
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
Жума-шанба кунлари кундузи ҳаво ҳароратининг бироз юқори кўтарилиши пастдан юқорига кўтарма куч ҳисобига ҳавода майда дисперс заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш даражаси ортишига сабаб бўлиши мумкин. Бошқа кунларда ҳавонинг табиий ифлосланиши учун «қулай об-ҳаво шароити» бўлиши тахмин қилинмаяпти.
Аммо, ҳароратнинг совиши ортидан ҳудудларда антропоген ифлосланиш эҳтимоли кўпайиши, Қуёш ботгач ва чиққач ҳавода хираликнинг бироз ортишига олиб келиши мумкин. Ҳафта давомида қор ёғиши ҳисобга олинса, жойларда ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ ҳодисалар узоқ вақт давом этмайди.
Ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортган пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.
Шундай қилиб, 10 февралдан 16 февралгача бўлган етти кунликда об-ҳаво бўйича энг қулай кунлар сешанба, чоршанба ва пайшанба бўлиб, иқлимий ўзгаришларга мойил кўпчилик шу кунларда ўзини нисбатан енгилроқ ҳис қилиши кутиляпти.