11 февраль куни Россияда қийин аҳволда қолган 3 нафар бола Ўзбекистонга олиб келинди, деб хабар бермоқда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги.
Маълум бўлишича, ушбу болалардан бири онаси билан, иккинчиси эса ота-онасининг ишончномаси асосида бувиси билан, учинчиси ҳам ишончнома асосида опалари билан бирга меҳнат муҳожири сифатида Россияга келган.
Болаларнинг яқин қариндошлари мамлакат ҳудудида бўлиб туриш қоидаларини бузгани сабабли депортация қилинган. Болалар эса Москва шаҳридаги вояга етмаган ҳуқуқбузарларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган.
ИҲМА, ҳудудий «Инсон» марказлари ходимлари, ижтимоий ходим ва психологлардан иборат ишчи гуруҳ болаларнинг ватанга қайтишини таъминлаш ва уларни ота-оналарига топшириш ишларини амалга оширди. Бунда уларга Москвадаги вақтинчалик сақлаш маркази ходимлари ҳамда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ёрдам берди.
Агентлик хорижда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган болаларни қайтариш ва уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилишини маълум қилди.
Аввалроқ Россиядаги элчихона мамлакатда ноқонуний юрган ўзбекистонликларни ҳуқуқий мақомини зудлик билан ҳал қилишга чақирганди. Назорат қилинадиган шахслар реестрига кирганлар 30 апрелгача ҳуқуқий ҳолатини ҳал қилиши ёки чиқиб кетиши керак. Реестрда бор-йўқлигини Россия ИИВ сайти орқали текшириш мумкин.
ИҲМА хорижда мушкул аҳволга тушиб қолган фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича миссияларни амалга оширмоқда, улардан айримлари ҳақида қуйидаги ҳаволалар орқали ўқиш мумкин.