2025 йил 10 февраль куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди туманнинг «Анорзор» МФЙ биносида Тошкент шаҳри аҳолисини Instagram орқали ҳақорат қилган фуқаро устидан суд ўтказди. «Газета.uz» суд ҳужжатини ўрганди.
Унда қайд этилишича, судланувчи, 2000 йилда туғилган Н.Х. 5 февраль куни ўзининг Instagram саҳифасида Тошкент шаҳри аҳолисини ҳақорат қилиб 3−4 та видео жойлаган. Қиз судда видеони такси ҳайдовчиси уни қаердан келгани ҳақидаги саволидан сўнг жаҳли чиқиб тасвирга туширганини айтди.
Қизнинг таъкидлашича, у видеоларни 5 дақиқадан кейин ўчириб юборган. Шунингдек, у соғлиғи туфайли 4 маротаба наркоз олгани, шунинг учун тезда жаҳли чиқиб тинчлана олмаслигини айтди.
Бундан ташқари, у ўша вақтда ўзида бўлган ишонч туфайли «15 сутка тиқса тиқаверсин, манга нима, ман ростини гапирвомман…» деб айтгани ҳақида кўрсатув бериб, ҳозирда айбига тўлиқ иқрорлиги, қилган ишидан пушаймон эканини айтиб, унга нисбатан енгиллик беришни сўради.
Суд Н.Х. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида (Майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топиб, унга нисбатан 10 (ўн) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Тайинланган жазо 2025 йил 10 февраль соат 12:40 дан бошлаб ҳисобланади. Н.Х.нинг ҳисобидан қамоқда сақланган ҳар бир куни учун махсус қабулхона фойдасига базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоиз миқдорида ҳаражатлар ундирилиши белгиланди.
Аввалроқ Instagram орқали Тошкентга келган вилоятликларни ҳақоратлаган 21 ёшли қиз 15 суткага қамалганди.