Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида она уйдаги ширинликни рухсатсиз еган боласининг қўлини куйдиргани айтилган хабарлар тарқалди. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ҳолат назоратга олинганини маълум қилди.

Маълум бўлишича, воқеа 2024 йилнинг 30 октябрь куни содир бўлган. 34 ёшли аёл Х.А. 8 ёшли ўғли Б.А.ни уйдаги ширинликларни рухсатсиз егани сабабли бармоқлари ораси ва бошқа тана аъзоларига пахта тиқиб ёққан.

Аёл бу ишни фарзандини гўёки жазолаш мақсадида қилганини билдирган. Оқибатда бола танасида 1 ва 2-даражадаги куйиш юзага келиб енгил тан жароҳати олган.

Олмалиқ шаҳар ИИБ томонидан Х.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» банди (Вояга етмаган шахсга нисбатан қийнаш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бироқ аёл яширинган ва унга қидирув эълон қилинган.

7 февраль куни аёл процессуал тартибда ушланиб, унга тегишли суд ажрими асосида қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Маълумот учун, судда айблов ўз исботини топса, гумонланувчи 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини олиши мумкин.