Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сешанба куни бўлиб ўтган мажлисида бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан илгари сурилган Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Бу ҳақда палата матбуот хизмати хабар берди.

Қонун лойиҳаси 31 январь куни биринчи ўқишда қабул қилинган ва 10 февралгача давом этган умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинган эди. «Газета.uz» «кўпмиллатли ва кўпконфессияли Ўзбекистонда умумжамият манфаатларини рўёбга чиқариш, демократия, дунёвийлик, эркинлик, тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик асосида ўзаро тотувликда яшаш ҳамда изчил тараққий этиш учун зарур барқарор муҳитни таъминлаш»га қаратилган мазкур ҳужжат шарҳини эълон қилганди.

Муҳокама давомида 480 дан ортиқ фикр-мулоҳазалар келиб тушди, дейилади хабарда. 6 февраль куни Қонунчилик палатасида мамлакатда фаолият юритаётган 16 та диний конфессия вакиллари иштирокида концепция лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

«Учрашувда барча конфессиялар вакиллари концепция лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, унинг қабул қилиниши юртимизда динлар ва конфессиялараро тотувликни таъминлашга, тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этдилар», — дейилади хабарда.

«Келиб тушган изоҳлар, таклиф ва тавсиялар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, аксарият фуқароларимиз аксарияти мазкур концепцияни қўллаб-қувватламоқда», — дейилади Қонунчилик палатаси ахборотида. Таклифларни ўрганиб чиққан депутатлар концепциянинг 10 дан ортиқ бандига ўзгартириш ва қўшимчалар киритган.

Уларда конфессиялар ўртасида ўзаро мулоқотни ўрнатиш, конфессиялараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон халқининг динларга оид маданияти ҳамда ислом цивилизациясининг ёрқин ютуқлари сифатида тан олинган буюк мутафаккир ва олимларнинг диний-фалсафий меросини, қўлёзма манбаларни ўрганиш бўйича илмий-амалий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг таълим олиши учун кенг шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни илм-фанга фаол жалб этиш орқали уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш каби масалалар масалалар қамраб олинган.

Палата фуқаролардан Жаҳонгир Сафаев, Аҳмаджон Орипов, Амирулло Тўхлибоев ва Шахнозахон Ғаффорованинг таклифларини алоҳида қайд этди.

Қонун тасдиқлаш учун Сенатга юборилди. У мамлакат президенти томонидан имзоланганидан кейин кучга киради.