Иқтисодиёт
Ўзбекистонда кичик АЭС қуриш бўйича халқаро консорциум тузилади — «Ўзатом» раҳбари
Ўзбекистон кичик АЭС қуриш бўйича халқаро консорциум тузади. Бундай станцияларни бошқа ҳудудларда ҳам қуриш масаласи кўриб чиқилади. «Президент ислоҳотлари катта миқдордаги электрни талаб қилади, атом энергетикаси эса иқтисодий тараққиётни таъминлайди, деб ҳисоблаймиз», — деди «Ўзатом» раҳбари.
МҲТИ: Тошкент супермаркетларида айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархи арзонлашди
9 январдан 6 февралгача Тошкент супермаркетларида картошка, сабзи, лавлаги, тухум, сут ва шакар нархлари сезиларли даражада пасайди, карам ва бодринг эса қимматлашди, дея хабар берди МҲТИ. 94,2 минг тонна картошка импорт қилиниши ортидан маҳсулот нархи арзонлашган.
Ўзмиллийбанк девелоперлардан тижорат биноларини сотиб олиш учун 500 млрд сўм ажратади
Ўзмиллийбанк инвестиция компанияси орқали девелоперлардан тижорат кўчмас мулкларини сотиб олади ва хизмат кўрсатиш соҳаси учун хизмат ипотекаларини жорий қилади. Бунинг учун 500 млрд сўм ажратилиши режа қилинмоқда. Президент банкка 3 млн кишини иш билан таъминлаш топшириғини берди.
«Ўзэнергоинспекция»га куннинг исталган вақтида текширув ўтказиш ваколати берилди
Президент фармонига мувофиқ, энди «Ўзэнергоинспекция» хўжалик юритувчи субъектларда сутканинг исталган вақтида ёқилғи-энергетика ресурслари бўйича назорат тадбирлари ўтказиши мумкин. Текширув бошланганидан сўнг 24 соат ичида ваколатли органни хабардор қилиш керак.
Жамият
Тошкент аҳолисини ҳақорат қилган қиз 10 суткага қамалди
Instagram орқали Тошкент шаҳри аҳолисини ҳақорат қилган қиз 10 сутка маъмурий қамоқ билан жазоланди. Қиз видеони такси ҳайдовчиси уни қаердан келгани ҳақидаги саволидан сўнг жаҳли чиқиб тасвирга туширганини айтган.
Ўзбекистонда 2025 йилгача бирламчи тиббиёт бўғинини босқичма-босқич трансформациялаш режалаштирилмоқда
Ўзбекистонда 2025 йилда шифокор қабулига навбат тўлиқ электрон шаклга ўтказилади, стоматология хусусий секторга берилади, шифокорлар иш самарадорлиги учун устамалар ола бошлайди. Вилоят миқёсидаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари кўп тармоқли поликлиникаларга айлантирилади.
«Бир миллион яшил оила» платформаси қандай имтиёзлар беради?
Аҳолисининг камида ярми «яшил оила» мақомини олган маҳаллаларда энг тоза ва яшил маҳалла танловлари ўтказилади. Ғолиб маҳаллалар 500 млн сўм мукофот пулини йўлларни таъмирлаш, ёритиш, болалар майдончалари, боғлар қуриш ва чиқиндиларни йиғиш майдончалари ташкил этишга сарфлаши мумкин бўлади.
ОТМларда экология дастурлари пайдо бўлади, техника ва тиббиёт йўналишлари квоталари 25 минг ўринга етказилади
2025/2026 ўқув йилида Green University циркуляр иқтисодиёт бўйича мутахассислар тайёрлашни бошлайди, йирик шаҳарларда «яшил техникумлар» пайдо бўлади. Давлат ОТМларида аниқ ва табиий фанлар, муҳандислик-техника, тиббиёт йўналишлари бўйича грант асосида таълим квоталари 25 минг ўринга етказилади.
Тошкент вилоятида она 8 ёшли боласининг қўлларини рухсатсиз ширинлик егани учун куйдирди
Олмалиқ шаҳрида она 8 ёшли боласининг бармоқлари ва бошқа тана аъзоларига пахта тиқиб ёқди. У буни фарзанди рухсатсиз уйдаги ширинликни егани учун жазолаш мақсадида қилган. Аёлга нисбатан жиноий иш очилиб қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.
Ўзбекистон Коррупцияни қабул қилиш индексида 121-ўринни эгаллади
Transparency International ташкилотининг Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон 180 та давлат орасида 121-ўринни эгаллади. 100 балли индекс бўйича мамлакат 32 балл тўплади.
Депутатлар диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш ҳақидаги қонунни қабул қилди
Қонунчилик палатаси Ўзбекистонда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди ва Сенатга юборди.
Тошкентда эркак хонадонида 8 килодан ортиқ гиёҳванд моддалар сақлаб келгани аниқланди
Пойтахтнинг Яккасарой туманида яшовчи эркак хонадонида 8 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари сақлаб келгани аниқланди. Ушбу моддаларнинг жами қиймати 4 млрд 317 млн сўмни ташкил қилиши айтилмоқда. Унга нисбатан жиноий иш очилган.
Тошкентда янги қурилаётган бинода ёнғин содир бўлди
Пойтахтнинг Яккасарой туманида янги қурилаётган бинода ёнғин содир бўлди. Қутқарув экипажи воқеа жойига 8 дақиқада етиб бориб, ёнғинни 20 дақиқада ўчирган.
Ўзбекистонда 2024 йилда 470 мингга яқин шахс маъмурий жазога тортилган
Ўзбекистонда 2024 йилда 469 568 нафар шахс маъмурий жазога тортилди. Бу 2023 йилга нисбатан 49 380 нафарга кўп. Кўрилган ишларнинг асосий қисми майда безорилик, лицензиясиз йўловчилар ташиш, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик каби ҳуқуқбузарликлардан иборат бўлган.
Ўзбекистонда пластик чиқиндиларни камайтириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади
Экология вазирлиги 1 ноябрга қадар пластик чиқиндиларни камайтириш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқади. Ҳужжат билан пластикни қабул қилиш пунктларини ташкил этиш, утилизация қилиш ускуналарини ўрнатиш ҳамда «тараларни қайтариш» тизимини жорий этиш кўзда тутилган.
Россияда қаровсиз қолган 3 бола Ўзбекистонга қайтарилди
Ота-онаси ёки яқин қаришдошлари билан Россияга борган, аммо васийлари депортация қилингач, вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган 3 нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга қайтарилди.
Навоий ИЭС харидорга ортиқча олинган 4,5 млрд сўмни қайтаришга мажбур бўлди
Навоий ИЭС электр нархини ошириб сотиш орқали «Иссиқлик манбаи» ДУКдан 4,5 млрд сўм ортиқча фойда олгани аниқланди. Рақобат қўмитасининг судга даъво аризаси қаноатлантирилди ва маблағ харидор фойдасига ҳал қилинди.
️Маърифий фаолиятни амалга ошириш тартиби белгиланди
️Маърифий фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом билан ушбу фаолият иштирокчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва бунда тақиқланадиган хатти-ҳаракатлар белгиланди. Бу билан фақат шартномага мувофиқ пулли асосда шуғулланиш мумкин. 14 ёшдан кичиклар ота-онаси розилиги билан иштирок этади.
Жаҳон
Қозоғистонда йўлда қолиб кетган ўзбекистонликлар эвакуация қилинди
Қозоғистон ФВВ носозлик туфайли йўлда қолиб кетган микроавтобусдаги 24 нафар чет эл фуқароси (жумладан, 4 бола)ни эвакуация қилди. Улар Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидир. Ҳеч ким жароҳат олмаган.
ҲАМАС гаровга олинган исроилликларни озод қилишни тўхтатди
ҲАМАС Исроилни сулҳни бузганликда айблади ва гаровга олинган исроилликларни озод қилишни номаълум муддатга қолдиришини маълум қилди. АҚШ президенти Дональд Трамп гуруҳдан шанба куни тушгача барча гаровга олинганларни қайтаришни талаб қилди, акс ҳолда, унинг сўзларига кўра, «жаҳаннам бошланади».
Илон Маск OpenAI’ни қарийб $100 миллиардга сотиб олишни таклиф қилди. Компания раҳбари рад этди
Илон Маск бошчилигидаги инвесторлар консорциуми ChatGPT ишлаб чиқарувчиси — OpenAI’ни сотиб олиш учун 97,4 млрд доллар таклиф қилди. OpenAI бош директори Сэм Альтман шундай жавоб берди: «Йўқ, раҳмат, лекин агар хоҳласангиз, Twitter’ни 9,74 млрд долларга сотиб олишимиз мумкин».
Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!