Февраль ойида Тошкент супермаркетларида картошка 9 январга нисбатан 26,1 фоизга, сабзи 11,3 фоизга, лавлаги 8,2 фоизга, тухум 7,8 фоизга арзонлашди, дея хабар берди Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари.

Картошканинг арзонлашишига асосий сабаб унинг импорти бўлди, бу январь ойидаги 23,9 фоизлик ўсишни қоплади. Мамлакат Афғонистон, Қирғизистон, Покистон ва Эрондан 94,2 минг тонна картошка импорт қилган.

нархлар

Шу билан бирга, карам ва бодринг нархининг ошиши қайд этилди. Карам январь ойида ҳам қимматлашган бўлса (+6,9%), бодринг йил бошида бироз пасайганди (-1,7%). Шунга қарамай, 2024 йилнинг шу даврига нисбатан бодринг нархи 30 фоизга арзонлигича қолмоқда.

Февраль ойидаги бошқа ўзгаришлар қаторида сут (-0,9%) ва шакар (-0,4%) нархларининг бироз пасайиши ҳам қайд этилди. Буғдой уни, гуруч, гречка, макарон, олма, банан ва товуқ гўшти нархи ўзгаришсиз қолди.

Январь ойида Ўзбекистонда инфляция 0,72 фоизни ташкил этди, озиқ-овқат маҳсулотлари 0,8 фоизга қимматлашганди. Ўшанда асосий ўсиш суякли мол гўшти (+1,1%), қўй гўшти (+1,2%), кунгабоқар ёғи (+2,2%), пахта ёғи (+1,9%) ва сут (+0,3%) нархларида кузатилган.

Шу билан бирга, январь ойида тухум (-14,3%), гуруч ва гуруч оқшоғи (-1%), товуқ сон гўшти (-0,1%) ва шакар (-0,7%) кескин арзонлашган.