Ўзбекистонда «Бир миллион яшил оила» умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади. Бу ҳақда президентнинг 7 февралдаги 2025 йилга мўлжалланган давлат дастурини амалга ошириш тўғрисидаги фармонида айтилган.
Ушбу ташаббуснинг мақсади аҳолининг кундалик ҳаётига экологик тамойилларни жорий этиш орқали «Экофаол фуқаро» турмуш тарзини оммалаштиришдан иборат.
Ҳаракатнинг асосий тамойилларига қуйидагилар киради:
- аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи — тиббий маданиятни ошириш, соғлом овқатланиш, кунлик юриш ва югуришни тарғиб қилиш;
- «яшил транспорт», хусусан, велосипедда ҳаракатланишни рағбатлантириш;
- пластик маҳсулотлардан фойдаланишни камайтириш;
- озиқ-овқат исрофгарчилигининг олдини олиш;
- сув, газ ва электр энергиясидан оқилона фойдаланиш;
- чиқиндиларни турларига қараб саралашни йўлга қўйиш.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 1 июнга қадар «Бир миллион яшил оила» ҳаракати доирасида платформани ишга тушириш вазифаси юклатилди.
Платформа қуйидаги хусусиятларни тақдим этади:
- «Экофаол фуқаро» мақомини бериш ҳамда улар учун давлат хизматларидан фойдаланишда 10 фоиз чегирма ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган банкларда истеъмол кредитини олишда чегирма тақдим этиш;
- оиланинг барча вояга етган аъзолари «Экофаол фуқаро» мақомини олганда, ушбу оилага «яшил оила» мақомини бериш ҳамда уларга ҳар йили очиқ танлов орқали 14 та электромобиль бериш;
- аҳолисининг ярми «яшил оила» мақомини олган маҳаллаларда «Энг тоза маҳалла» ва «Энг яшил маҳалла» танловларини ўтказиш ва ғолиб бўлган маҳаллалар жамғармасига маҳалла аҳолисининг таклифларини ўрганган ҳолда маҳалланинг ички инфратузилмасини янада яхшилаш тадбирларини молиялаштиришга, хусусан, йўлларни таъмирлаш, энерготежамкор ёритиш ускуналарини ўрнатиш, болалар майдончасини қуриш, «яшил боғ» яратиш ва ўриндиқлар ўрнатиш, чиқинди йиғиш майдончаларини қуриш, чиқинди қутилари ва контейнерларини ўрнатишга 500 миллион сўм ажратиш.
1 мартга қадар тўғри овқатланиш, жисмоний тарбия ва спортнинг инсон саломатлиги учун афзалликларини тарғиб қилишни кучайтириш дастури ишлаб чиқилади.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва «яшил иқтисодиёт» йили давлат дастурининг бошқа чора-тадбирлари қаторида булар ҳам мавжуд: Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида атроф-муҳитга зарар етказувчи янги лойиҳаларни амалга оширишни тақиқлаш, атроф-муҳитга етказилган зарарни мажбурий суғурта қилиш, «яшил тадбиркор» мақоми ва электр учун «яшил» тарифлар жорий этиш.