ҲАМАС 15 февралга режалаштирилган, исроиллик гаровга олинганлар гуруҳини озод қилишнинг навбатдаги босқичини номаълум муддатгача кечиктиришини эълон қилди, деб ёзади The Jerusalem Post.
Гуруҳ бундай қарорга Исроилнинг ўт очишни тўхтатиш режимини бузгани сабаб бўлганини билдирди.
«Охирги уч ҳафта давомида душман томонидан келишув шартларининг бузилиши ва бажарилмаслиги кузатиб борилди. Бу қоидабузарликларга кўчирилганларнинг Ғазо шимолига қайтишини кечиктириш, секторнинг турли ҳудудларида уларга қарата ўқ узиш ва барча келишилган шакллардаги гуманитар ёрдамдан фойдаланиш имкониятини бермаслик киради», дейилади ҲАМАС баёнотида.
Шу билан бирга, гуруҳ алмашув «муддатида ўтиши» учун «эшиклар очиқ қолишини» таъкидлади ва воситачиларни Исроилга босим ўтказишга чақирди.
Исроил мудофаа вазири Исраэль Кац ҲАМАСнинг баёнотини сулҳ шартномасининг «тўлиқ бузилиши» деб атади. У Исроил мудофаа армиясига «Ғазодаги воқеалар ривожининг эҳтимолий сценарийсига» тайёргарлик кўриш ва аҳоли пунктларини ҳимоя қилишни буюрди. «Биз 7 октябрдаги реалликка қайтишга йўл қўймаймиз», деб таъкидлаб ўтди Кац.
19 январда биринчи босқичи кучга кирган ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш шартномаси шартларига кўра, 33 нафар исроиллик гаровга олинганлар Исроил қамоқхоналарида сақланаётган минглаб фаластинлик маҳбуслар эвазига озод қилиниши керак эди. Шунингдек, Исроил Ғазога кунига 600 тагача юк машинасида инсонпарварлик ёрдамини ўтказишга рози бўлган ва сектор аҳолисига анклавнинг жанубидан шимолига қайтишга рухсат берган.
Айни вақтда асирликдан 16 киши, жумладан, 5 нафар Таиланд фуқароси қайтган. Исроил ҳукумати маълумотларига кўра, ушланган 33 кишидан 8 нафари ҳалок бўлган.
«Жжаҳаннам бошланади»
АҚШ президенти Дональд Трамп бир кун аввал Исроилни ҲАМАС билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни бекор қилишга чақирган ва гуруҳдан шанба куни тушгача барча гаровга олинганларни қайтаришни талаб қилган, акс ҳолда, унинг сўзларига кўра, «жаҳаннам бўлади».
«Агар барча гаровга олинганлар шанба куни соат 12:00 гача қайтарилмаса — менимча, бу қулай вақт — [яраш битимини] бекор қилинг, деган бўлардим,… акс ҳолда, жаҳаннам бошланади», — деди Трамп Овал кабинетда журналистларга.
«Уларнинг ҳаммасини шанба куни соат 12:00 гача қайтариш керак, агар қайтарилмаса — ҳаммаларини… иккитадан ва учтадан, тўрттадан эмас. Шанба куни соат 12:00 да, ундан кейин эса, айтишим мумкинки, тўлиқ жаҳаннам пайдо бўлади», — дея такрорлади у.
Ғазодаги «тўлиқ жаҳаннам» нимага олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги саволга Трамп шундай жавоб берди: «Сиз билиб оласиз ва улар ҳам билиб олади — ҲАМАС мен нимани назарда тутаётганимни англаб етади.
Ўтган ҳафта Трамп АҚШ Ғазо секторини «ўз назорати остига олиш» ва ҳудудни ривожлантириш билан шуғулланишга тайёрлигини маълум қилганди. Бу ҳақда у Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу билан қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Трамп, шунингдек, Ғазо секторида хавфсизликни таъминлашга ёрдам бериш учун АҚШ қўшинларини юборишини истисно қилмади. Трампнинг сўзларига кўра, Ғазо сектори «Яқин Шарқ Ривьераси»га айланиши, фаластинликлар эса у ерга қайтмаслиги керак.
«Менимча, одамлар Ғазога қайтиши керак эмас. Эшитишимча, Ғазо улар учун жуда ҳам омадли макон эмас. Улар худди дўзахда яшаётгандек», — деди Трамп. Ғазо ўрнига фаластинликларга яшаш учун «яхши, янги, чиройли ер майдони» бериш керак, деди у.
Ўтган ҳафта охирида журналистларга берган интервьюсида Трамп фаластинликлар секторни АҚШ мулкига ўтказиш ва ҳудудни қайта тиклаш режасига кўра Ғазога қайта олмаслигини очиқ айтди.
«Менимча, одамларга — фаластинликларга ёки Ғазода яшовчи одамларга қайтишга рухсат бериш катта хато. Биз ҲАМАСнинг қайтишини истамаймиз. Буни катта кўчмас мулк майдони сифатида тасаввур қилинг ва Қўшма Штатлар унга эгалик қилади ва биз уни аста-секин, жуда секин, ҳеч қаерга шошилмай ривожлантирамиз. Биз тез орада Яқин Шарққа барқарорлик олиб келамиз», — деди Трамп матбуот билан мулоқот чоғида.
Унинг қўшимча қилишича, у Иордания ва Миср билан «битим» тузишни режалаштирмоқда, шунда бу давлатлар кўпроқ фаластинлик қочқинларни қабул қилади.