Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси («Ўзэнергоинспекция»)га хўжалик юритувчи субъектларда сутканинг исталган вақтида тешкирув ўтказиш ваколати берилди. Бу президентнинг энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига қарши курашиш соҳасида самарали давлат назоратини амалга оширишга доир фармонида назарда тутилган.

Фармонга кўра, президентнинг айрим ҳужжатларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:

  • ёқилғи-энергетика ресурсларини беҳуда сарфлаш ҳамда улардан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш;
  • сифатсиз ёқилғи маҳсулотлари реализациясига чек қўйиш борасида давлат назоратини амалга ошириш механизмларини соддалаштириш.

Жумладан, ПФ-77 га киритилган қўшимчага кўра, «Ўзэнергоинспекция» ёқилғи-энергетика ресурсларини қазиб олиш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, ташиш, сақлаш, етказиб бериш (тақсимлаш, сотиш) ва истеъмол қилиш фаолияти билан шуғулланадиган хўжалик юритувчи субъектларда сутканинг исталган вақтида назорат тадбирлари ўтказиши мумкин.

Текширувлар бошланганидан сўнг 24 соат ичида «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида амалга оширилади.