Ўзбекистонда 2024 йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 740 994 нафар (2023 йилда 721 662 нафар эди) шахсга нисбатан 613 142 та (2023 йилда 600 966 та) ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд хабар қилди.

Уларда 469 568 нафар шахсга (2023 йилда 420 188 нафар шахс) нисбатан маъмурий жазолар қўлланилди. Шунингдек, ярашилгани муносабати билан 94 886 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод қилинди.

Кўрилган ишларнинг асосий қисми майда безорилик, лицензиясиз йўловчилар ташиш, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик, ҳақорат қилиш, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш, жамоат жойларида алкоголь истеъмол қилиш, маст ҳолда транспорт бошқариш каби ҳуқуқбузарликлардан иборат бўлди.

Апелляция тартибида 9899 нафар шахсга оид 8297 та маъмурий иш кўриб чиқилди. Натижада 2581 нафар шахсга нисбатан қарорлар бекор қилинган бўлса, 2945 нафар шахсга оид суд қарорлари ўзгартирилди.

Кассация тартибида 7124 нафар шахсга оид 6657 та иш кўриб чиқилган. 2644 нафар шахсга оид қарорлар бекор қилинган, 1863 нафар шахс бўйича суд қарорлари ўзгартирилган.

Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш тартибида 1919 нафар шахсга оид 1769 та ишни кўриб чиқди. Бунда 359 нафар шахсга оид қуйи суд қарорлари бекор қилинган, 464 нафар шахсга нисбатан қарорлар ўзгартирилган.