11 февраль куни Қозоғистон ФВВ қутқарувчилари 24 нафар чет эл фуқаросини эвакуация қилди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Қўстанай вилоятида 112 хизматига Адаевка қишлоғидан 30 км узоқликда носозлик туфайли йўловчилари бўлган микроавтобус ҳаракатланишни давом эттира олмаслиги ҳақида хабар келиб тушган.
Воқеа жойига юборилган ФВВ қутқарувчилари 24 кишини, жумладан, 4 нафар болани энг яқин иссиқлик пунктига эвакуация қилган. Қутқарилганлар Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидир, дея аниқлик киритади вазирлик.
Шунингдек, аҳоли пунктигача транспорт воситаси шатакка олинган ҳолда етказилган. Ҳеч ким тиббий ёрдамга муҳтож эмас эди, дейилади хабарда.