2025 йилга мўлжалланган давлат дастурига мувофиқ, тиббиётнинг бирламчи бўғинини босқичма-босқич трансформация қилиш кўзда тутилган.
Оилавий поликлиникалар, оилавий шифокорлик пунктлари ва маҳалла тиббиёт пунктларида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишнинг самарали тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, кўп тармоқли марказий поликлиникалар фаолияти марказий шифохоналарнинг маслаҳат диагностика поликлиникаси сифатида йўлга қўйилади.
Марказлашган лабораториялар ташкил этиш, шифокор қабулига навбатни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, шунингдек, давлат томонидан санитария-гигиена нормаларига риоя этилиши устидан назорат кучайтирилган ҳолда стоматология хизматини аутсорсинг асосида хусусий секторга бериш — бошқа чоралар қаторида.
Шунингдек, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, тиббиёт ходимлари меҳнат самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичларини ишлаб чиқиб, самарадорликка эришган ходимларнинг ойлик маошларига қўшимча устамани жорий этиш кўзда тутилган.
Жорий йилда, шунингдек, вилоят даражасидаги ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатувчи тиббиёт муассасаларини зарур ўрин-жойларни (койка) яратган ҳолда бошқарув, молия ва ташкилий жиҳатдан замонавий кўп тармоқли клиникалар шаклида қайта ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига 1 июлга қадар тиббиёт ва фармацевтика ходимлари фаолиятини босқичма-босқич давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини жорий этиш механизмлари акс этган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритиш топширилди.
Рақамли технологиялар вазирлиги ССВ билан биргаликда 1 ноябргача тиббий суғурта амал қиладиган ҳудудларда рецепт асосида бериладиган дори воситаларини «электрон рецепт» тизими асосида тайинлаш амалиётини йўлга қўйиши лозим.