Тошкент шаҳри Яккасарой туманида истиқомат қилувчи эркак ўз хонадонида йирик миқдордаги гиёҳванд моддаларни сақлаб келгани аниқланди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Миробод тумани ИИО ФМБ жиноят қидирув бўлими ва ДХХ ходимлари томонидан Яккасарой туманида олиб борилган тезкор тадбир натижасида фуқаро И. қўлга олиниб, унинг хонадони кўздан кечрилганда, катта миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини сақлаб келаётгани аниқланди.
Аниқланишича, гумонланувчи мазкур гиёҳвандлик воситаларни интернет орқали олиб, граммларга ажратиб, яшириш йўли билан тарқатиб келган. Олинган гиёҳвандлик воситалари 8 кг 303 грам бўлиб, баҳоси 4 миллиард 317 миллион сўмни ташкил қилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган. Мазкур моддага кўра, суд ҳукми билан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Тошкент шаҳар ИИББ томонидан бу каби тезкор тадбирлар давом этмоқда.