Президент Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни атом энергетикаси соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, сўнгги йилларда қарийб 4 гигаваттли муқобил қувватлар ишга туширилди ва «яшил» энергия улуши 16 фоизга етди.

Келгуси беш йилда яна 25 гигаваттли қайта тикланувчи энергия манбалари қуриш режа қилинмоқда. Буларнинг ҳисобига йилига 64 млрд киловатт соат «яшил» энергия олинади. Умуман, 2030 йилга бориб жами генерацияда «яшил энергия» улушини 50 фоиздан ошириш мақсад қилинган.

«Айни пайтда рақамли технологиялар, электромобиллар, электр жиҳозлар, сунъий интеллект, майнинг каби тармоқларнинг ривожланиши энергияга бўлган талабни кескин оширмоқда. Шу боис кўплаб давлатлар янги турдаги энергия қувватларига ўтиш йўлларини излаяпти. Ер қаъридан қазиб олинадиган ёқилғилар ўз ўрнини қайта тикланувчи манбаларга бўшатиб беряпти. Бугунга келиб дунёдаги жами генерациянинг 42 фоизи муқобил энергиядир», — дейилади хабарда.

Президент матбуот хизматига кўра, узоқ йиллик қувватларни барпо этишда атом энергетикаси мақбул ҳисобланади. Ҳозирги кунда дунёда 375 гигаваттли 417 та атом реакторлари ишлатилмоқда. Яна янги станциялар қуриляпти, кўп давлатлар атом энергетикасини ўзининг ривожланиш стратегиясига киритяпти.

«Мамлакатда уран захираси борлигидан фойдаланиб, узоқ муддатга мўлжалланган қувват ташкил этиш режалаштирилган. Хусусан, кичик қувватли реакторлар барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилди. 2024 йил 5 декабрда Самарқанд шаҳрида атом энергиясидан фойдаланиш масалалари бўйича халқаро конференция ўтказилди», — дейилади хабарда.

Давлат раҳбари бўлажак станция ва тизимда ишлайдиган мутахассисларни ҳозирдан тайёрлаш, хавфсизликни Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) талаблари даражасида таъминлаш бўйича топшириқлар берди. Бундай технологиялар иқтисодиёт рақобатдошлигини ошириб, узоқ муддатли ўсиш суръатлари учун муносиб замин яратиши таъкидланди.

Атом энергияси агентлиги («Ўзатом») директори Азим Ахмедхаджаев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида экспертлар 2040 йилга бориб жаҳон электр энергияси ишлаб чиқаришда атом энергетикасининг улуши ҳозирги 9 фоиздан 25 фоизга кўтарилишини айтаётганини билдирди.

2024 йилнинг май ойида «Ўзатом»нинг АЭС қуриш дирекцияси ва «Атомстройэкспорт» компанияси («Росатом» инжиниринг бўлими) ўртасида Ўзбекистонда кам қувватли атом электростанцияси (КҚАС) қуриш бўйича шартнома тузган эди. У 330 МВт қувватга эга (ҳар бири 55 МВт қувватга эга олтита ректор) бўлади ва Жиззах вилоятида қурилади. Станция қурилишида «Росатом» бош пудратчи бўлади, Ўзбекистон компаниялари ҳам иштирок этади.

«Президентимиз ушбу лойиҳани халқаро хусусиятга эга бўлиши ва унинг амалга оширилишида турли халқаро тузилмаларни жалб қилиш кераклигини таъкидлади. Шунинг учун бу лойиҳада нафақат Россия технологиялари, балки Хитойнинг ноядро технологиялари, Европанинг турли дастурий таъминот ва аппарат воситаларини ҳам қўлламоқчимиз. Шу йўл билан биз энг замонавий технологиялар ёрдамида ушбу лойиҳани амалга ошириш учун халқаро консорциум ташкил қиламиз», — деди Азим Ахмедхаджаев.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳада Венгрия ёки Хитой ишлаб чиқарувчиларининг қуруқ совутгичларини татбиқ этиш режа қилинган. Бу билан электр станциясида сув сарфини камайтириш мақсад қилинган.

«Ўзатом» раҳбари МИФИ Москва миллий ядро тадқиқотлари университетининг Тошкент филиалини 117 нафар мутахассис тамомлагани, улар иш билан таъминлангани, малакасини ошираётгани ва лойиҳани амалга оширишда иштирок этишини қайд этди.

Кичик атом электр станцияси лойиҳаси «ХАЭАнинг қатъий назорати остида» амалга оширилмоқда, унинг мутахассислари «Росатом» билан ҳамкорликда доимий равишда тавсиялар бериб, халқаро ҳамжамият ва ХАЭА томонидан қабул қилинган хавфсизлик меъёрлари ва стандартларга риоя этилишини таъминлашга кўмаклашмоқда.

«Ўзатом» агентлиги ХАЭА билан малакали кадрлар тайёрлаш ва мамлакатда атом энергетикаси лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида хавфсизликни таъминлаш бўйича алоҳида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқди.

«Давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистонда ҳам шундай лойиҳаларни амалга оширишнинг бошқа шаклларини ҳам кўриб чиқиш бўйича топшириқ берилди ва биз бу жараённи бугунданоқ амалга оширишни бошлаймиз», — деди Ахмедхаджаев.

«Мамлакатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар, албатта, катта миқдордаги электрни талаб қилади. Биз атом энергетикаси айнан шу эҳтиёжни қондиришга қодир асосий энергия манбаларидан бири бўлиб, у Ўзбекистонда кечикаётган иқтисодий тараққиётни таъминлаш ҳамда юртимиздаги саноат ўсишини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз», — деди «Ўзатом» директори.

Ўтган йилнинг октябрь ойида АЭС қурилиш дирекцияси раҳбари Отабек Аманов кичик атом электр станцияси Ўзбекистон мулки бўлишини маълум қилган эди. Унинг айтишича, ядро ёқилғиси ишлаб чиқариш учун маҳаллий урандан фойдаланиш режалаштирилган бўлиб, у ишлатилгандан сўнг Россияга олиб кетилади. У лойиҳанинг босқичлари ҳақида ҳам маълумот берган.

Ўзбекистонда бўлажак кичик АЭСлар учун истиқболли майдонлар. Слайдга кўра, кичик атом станциялари Фарғона водийси, Тошкент вилояти, Сирдарё, Сурхондарё, Бухоро ва бошқа вилоятларда ҳам қурилиши мумкин. Манба: «Ўзатом».Ўзбекистонда бўлажак кичик АЭСлар учун истиқболли майдонлар. Слайдга кўра, кичик атом станциялари Фарғона водийси, Тошкент вилояти, Сирдарё, Сурхондарё, Бухоро ва бошқа вилоятларда ҳам қурилиши мумкин. Манба: «Ўзатом».

«Ўзатом» агентлиги директори ўшанда атом станцияларини қуриш учун 14 та потенциал майдонча дастлабки тарзда баҳолаб чиқилганини айтганди. «Республиканинг турли ҳудудларида кичик реакторларни янада ривожлантириш учун ушбу майдонларни батафсил ўрганиш режалаштирилган», — деган у.