Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги 2025 йил 1 ноябрга қадар пластик чиқиндиларни қисқартириш бўйича қуйидаги халқаро тан олинган механизмларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқади.
Ҳужжат пластик қадоқлар ёки пластик қадоқларда маҳсулот ишлаб чиқарувчи ҳамда импорт қилувчиларга нисбатан «тараларни қайтариш», фуқароларга чиқиндиларни қабул қилувчи махсус ускуналарга топширилган ҳар бир пластик идиш учун тўлов қилиш имкониятини яратиш каби мажбуриятлар жорий қилишни назарда тутади.
Бундан ташқари, 2025 йил 1 октябрга қадар тегишли вазирликлар маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда энергия сарфи юқори бўлган йўналишлардаги мавжуд қувватларни модернизация қилган ҳолда Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларидан босқичма-босқич кўчириш бўйича асослантирилган таклифларни тақдим этиши керак. Рўйхатга қуйидагилар киради:
- асбест, цемент ишлаб чиқариш, шлам ва шлаклар;
- тери-кўнчилик, паррандачилик фабрикалари;
- самарадорлиги юқори бўлган чанг-газ тозалаш иншоотлари билан жиҳозланмаган ҳар қандай турдаги кўмир ёқиш;
- қора ва рангли металлургия заводлари, таркибида заҳарли аралашмалар бўлган ойна, заҳарли кимёвий моддалар билан ишлаш;
- хавфлилик даражасининг I ва II синфига мансуб чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш корхоналари.
Ўзбекистонда йилига 10,2 млн тонна чиқинди ҳосил бўлиб, унинг 10,3 фоизи пластмассадан иборат. 2022 йилда пластик ҳажми 2013 йилга нисбатан 2,5 бараварга ошди. Экология вазирлиги ўтказган инвентаризация маълумотларига кўра, пластмассанинг энг йирик истеъмолчилари қадоқлаш, транспорт ва қурилишдир.
Республиканинг деярли ҳар бир ҳудудида пластмасса буюмлари, жумладан, идиш-товоқ ва қоп ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд. Бундан ташқари, мамлакатга пластик маҳсулотлар импорти экспортдан сезиларли даражада ошиб, 2023 йилда 158,5 минг тоннани, 487,5 млн долларни ташкил этди.
Ҳисоботда пластик чиқиндиларни самарали бошқариш учун инфратузилмани ривожлантириш зарурлигини таъкидланган. Айниқса, полиетилен, полипропилен ва ПEТ учун қайта ишлаш корхоналари сонининг кўпайиши чиқинди полигонларига ташланадиган чиқиндилар ҳажмини сезиларли даражада камайтиради ва қайта ишлашнинг иқтисодий рентабеллигини оширади.
Аввалроқ бу йилги давлат дастури лойиҳасида ҳам 2027 йилдан пластик пакетларни ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва улардан фойдаланишни тақиқлаш, шунингдек, экологик хавфсиз (биозарарланувчи) пакетлардан фойдаланишни рағбатлантириш таклиф қилинганди. Бироқ президент фармонида бу назарда тутилмаган.