Transparency International халқаро нодавлат ташкилоти 2024 йил учун Коррупцияни қабул қилиш индексини (Corruption Perception Index) эълон қилди.

Ўзбекистон янги рейтингда 180 та давлат орасида 121-ўринни эгаллади. 100 балли индекс бўйича (0 — коррупция даражаси ўта юқори, 100 — ўта паст) Ўзбекистон 32 балл тўплади (бир йил аввал — 33 балл). Ангола, Эквадор, Кения, Шри-Ланка ва Тогода ҳам шунча балл бор.

Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича ўртача кўрсаткич 2024 йил учун индексдаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб қолмоқда ва 100 баллдан 35 баллни ташкил этади.

«Турли мамлакатларда демократик институтларнинг заифлиги ва қонун устуворлигининг заифлашиши давом этаётган беқарорлик ва ташқи босим фонида янада кучаймоқда. Бу коррупциянинг гуллаб-яшнаши учун қулай муҳит яратади, шунингдек, жамоатчилик ишончига путур етказади, барқарор ривожланиш ва иқлим ўзгаришига қарши чора-тадбирларни амалга оширишга тўсқинлик қилади», — дейилади Transparency International минтақавий шарҳида.

Минтақада энг яхши натижани 53 балл билан Грузия, Арманистон (47 балл) ва Черногория (46 балл) кўрсатди. Якуний тўртликда Россия (22), Озарбайжон (22), Тожикистон (19) ва Туркманистон (17) бор.

Қозоғистон 40, Қирғизистон 25 балл тўплади.

Рейтингда кетма-кет еттинчи йил Дания етакчилик қилмоқда, у энг юқори кўрсаткични кўрсатмоқда — 90 балл. Ундан кейинги ўринларни Финляндия (88 балл) ва Сингапур (84 балл) эгаллаган.

Индексни Венесуэла (10 балл), Сомали (9) ва Жанубий Судан (8) якунлайди.