Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва «яшил иқтисодиёт» йили давлат дастурига мувофиқ, 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб таълим соҳасида қатор янгиликлар пайдо бўлади.
Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) экология соҳасида етакчи университет этиб белгиланди. У «Циркуляр иқтисодиёт» йўналиши бўйича кадрлар тайёрлашни бошлайди.
Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Green University’га бириктирилган «яшил техникумлар» пайдо бўлади.
Давлат университетларида «Табиий фанлар», «Муҳандислик-техника йўналиши», «Иқтисодиёт ва молия» йўналишлари учун «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил ривожланиш» фанидан ўқув дастурлари жорий этилади.
Шунингдек, грант ўринларини босқичма-босқич ошириш ҳисобига аниқ ва табиий фанлар, муҳандислик-техника, хизматлар ва тиббиёт йўналишлари бўйича давлат буюртмалари учун квоталар миқдорини 25 мингтага етказиш кўзда тутилмоқда.
«Эл-юрт умиди» жамғармаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши соҳасидаги таълим дастурлари бўйича ўқиш учун стипендия танловига 20 тагача квота ажратади.
Ўзбекистоннинг ҳар бир туманида (шаҳрида) босқичма-босқич инклюзив таълим талабларига жавоб берадиган камида биттадан умумтаълим мактаби фаолияти ташкил этилади.
«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида 3,5 минг камбағал оилалар фарзандларини тайёрлаб, олий таълим ташкилотларига белгиланган тартибда грант асосида қабул қилиш ишлари ташкил этилади.