Ўзбекистон Миллий банки мамлакатда 3 миллион иш ўрни яратишга масъул бўлади. Бу ҳақда банк бошқаруви раиси Алишер Мирсоатов жума куни президент билан учрашувдан сўнг «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбари мутасаддиларга 2025 йилда хизматлар кўрсатиш соҳасида ўсишни 15 фоизга — 82 млрд долларгача етказиб бориш бўйича топшириқ берган.
Мирсоатовнинг маълум қилишича, президент йиғилишда Ўзмиллийбанкнинг хизматлар соҳаси бўйича алоҳида вазифаларини айтиб ўтган. Барча вилоятларда 1,5 млн киши ва Тошкент шаҳрида яна 1,5 млн — жами 3 млн кишини иш билан банд қилиш шулар жумласидандир.
Давлат раҳбари хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида ўсиш секинлашган ва 10 фоиздан паст бўлган 19 та туманни белгилаб берган. Уларнинг ўсишини тезлаштириш учун алоҳида дастурларни ишлаб чиқиш буюрилган.
2025 йилда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига 75,3 мингта лойиҳани молиялаштириш учун 67 трлн сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.
«Албатта, уларни ўз вақтида молиялаштириш ва амалга ошириш бўйича Ўзмиллийбанкка алоҳида топшириқлар берилди», — деди Мирсоатов.
Банкнинг NBU Invest Group инвестиция компанияси орқали тўғридан-тўғри девелоперлардан тижорат кўчмас мулкларини сотиб олиш ва уни тадбиркорларга «қулай шартларда» ижара ёки лизингга бериш учун 500 млрд сўм ажратиш кўзда тутилган.
«Кўп қаватли биноларнинг биринчи қаватларида нотурар савдо ва сервис хизматларини ривожлантириш бўйича Миллий банк томонидан хизмат ипотека кредитларини жорий этиш вазифаси юклатилди. Бунинг учун банк томонидан 500 млрд сўм ажратилиб, 150 минг киши иш билан таъминланади», — деди банк раҳбари.
Президент Шавкат Мирзиёев 7 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда банклар девелоперлардан тижорий кўчмас мулкларни тўғридан-тўғри сотиб олиб, уларни тадбиркорларга ижара ёки лизингга бериши мумкинлигини айтганди. Бу орқали 50 минг квадрат метрли нотурар жойлар муомалага кириши, бюджетга 70 млрд сўм тушум тушиши ва 100−150 минг иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Марказий банк бошқаруви раиси Тимур Ишметовга ишлаб чиқувчилар билан биргаликда умумий қиймати 4 трлн сўм бўлган лойиҳалар пакетини тайёрлаш, улар доирасида уларга бириктирилган тармоқларда тижорат кўчмас мулкларини ижарага бериш бўйича топшириқ берилди.