12 февраль куни Ҳарбий суд Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасдга оид жиноят иши доирасида 10 нафар айбланувчига ҳукм ўқиди, дея хабар бермоқда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов.

Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ, Шуҳрат Расуловга (2018 — 2020 йилларда Президент давлат хавфсизлик хизматининг ўз хавфсизлиги бошқармасини бошқарган) 23 йил, Жавлон Юнусовга 18 йил 6 ой, Шохрух Ахмедовга 23 йил, Исмоил Жаҳонгировга 23 йил ва Дониёр Ташходжаевга (Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг собиқ биринчи ўринбосари) 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Қолган 5 нафар судланувчига «қилмишига мувофиқ равишда» турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазолари берилди. Олий суд хабарида уларнинг исмлари очиқланмаган.

Комил Алламжонов иши

26 октябрга ўтар кечаси Қибрай туманида темир йўл кесишмаси яқинида икки номаълум шахс Комил Алламжонов ўтирган Range Rover русумли автомобилга бир неча марта ўқ узган ва воқеа жойидан қочиб кетган. Ҳайдовчи ва собиқ амалдор жароҳат олмаган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97 (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248 (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

27 октябрь куни эрталаб Бош прокуратура бир гумонланувчи ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди. Бир кун ўтиб яна уч нафар шахс ушлангани маълум қилинган.

Бош прокуратуранинг 25 ноябрдаги хабарида суиқасдда гумонланаётганлар сони 7 кишига етгани, улардан 2 нафарига қидирув эълон қилингани айтилган. Хусусан, улардан бири Жавлон Юнусов Жанубий Кореяда қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Яна бирининг Қозоғистонда яширинган манзили аниқланган.

Қотилликка суиқасд иши бўйича яна икки нафар Россия фуқароси — Бислан Расаев ва Шамиль Темирхановга Интерпол орқали қидирув эълон қилинган. Улар қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга кириш ва чиқиш, жиноят ҳақида хабар бермаслик ҳамда ўқотар қуролнинг қонунга хилоф муомаласида айбланмоқда.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 26 декабрдаги постида президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти собиқ раҳбари Комил Алламжоновга суиқасд қилишда «чечен изи» (бу ҳақда ОАВ хабар берган эди) борлигини ва бу ишга алоқадорлигини иккинчи бор рад этганди: «Буни суиқасд деб аташ қийин», деб ёзди у ва такрорлади: «Агар буни мен тайёрлаганимда эди, ишни охирига етказган бўлардим… Мен ҳақимда бундай ёмон фикрда бўлманг».

У, шунингдек, Комил Алламжонов ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Дмитрий Лига таҳдид қилган. Депутат Одилжон Тожиев Чеченистон раҳбарининг таҳдидларини қоралаган.

11 январь куни Ўзбекистон Ҳарбий суди Алламжоновга суиқасд бўйича жиноят ишини кўриб чиқишни бошлаганди. Маҳкама мутлақо махфий бошланган, дея ёзганди ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов.

Комил Алламжонов яқин вақтгача Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти раҳбари, бунгача Президент администрацияси раҳбари ўринбосари, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори, президент матбуот котиби лавозимларида ишлаб келган.