Журналист Анора Содиқова Mufasa тахаллуси билан танилган блогер Мирсаид Ҳайдаров устидан судга мурожаат киритди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Facebook саҳифасида маълум қилди.

Қайд этилишича, Анора Содиқова ўз мурожаатида блогер Mufasa томонидан ижтимоий тармоқлардаги турли аноним каналларда ўз шаъни, қадр-қиммати камситилгани ва туҳматга учрагани ҳақида баён қилган. Фуқаролик кодексининг 100-моддаси (Шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш) асосидаги шикоят фуқаролик судига юборилган.

«Аноранинг судида кўпчилик бўлиб, уни қўллаймиз. Эҳтимол, етарли даражада натижаларга эриша олмасмиз, аммо нималар бўлаётганини махсус хэштег ва челленж орқали имкон қадар кўрсатиб борамиз. Фаоллар билан бошлаётган бугунги челленжимизни шартли равишда #qoyalar_va_soyalar деб атаймиз. Фаоллардан мазкур жараёнда аввало, амалдаги қонунчилик талаб ва меъёрларига амал қилиш, миллий манфаатларимизни инобатга олиб, қадриятларимизга ҳурмат руҳида ёндашишга чақираман. Зотан, қоялар ва соялар кураши абадий жараёндир», — деб ёзади ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов.

Анора Содиқова журналистларни сўккан ва уларни хорижга агентлик қилишда айблаган блогер қонун олдида жавоб беришини талаб қилмоқда.

«Судга бериш энг тўғри қарор деб билдим. Ҳеч бир асосли важ-карсони бўлмаганлар турли бўҳтон, туҳмат, ҳақорат, шантажлик қилишда давом этмоқда. Ожизликнинг белгиси — шу. Майли, худди шундай бўҳтонлар билан давом этинг. Менга эса ҳар бир сўзингиз ҳужжат бўлиб келаверсин. Агар мен заррача ноҳақ бўлганимда, заррача давлат қонунларига итоатсизлик қилганимда, биласизми булар мени не кўйларга солмасди. Биламизку қонунлар бизга қарши чаққонроқ ишлайди», — дейди журналист.

Унинг таъкидлашича, блогер Musafa устидан фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига ариза берилган.

«Ҳукумат вакиллари ҳақоратланса доим тез чора кўрилади. Адлия [вазирлиги]ни обрўсизлантирганлар жавобгарликка тортилди. Милиция ходимларини „мент“, дея ҳақоратлаганлар ҳатто тиз чўктирилади. Аммо, журналист касбини ҳақорат қилганларга нега чора кўрилмаслиги керак? Мирсаид Ҳайдаров ва троллар армиясига қарши ишда мен билан биргамисиз?!», — дея қўшимча қилган у.

Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Абидов «Газета.uz»га даъвогар Анора Содиқова фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига жавобгар Мирсаид Хайдаровга нисбатан мажбурият юклаш ҳамда маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилганини тасдиқлади.

Азиз Абидов мазкур фуқаролик ишини кўриб чиқиш бўйича суд мажлиси 2025 йил 26 февраль куни соат 10:30 га тайинланганини маълум қилди.