Арманистон парламенти «Арманистон Республикасининг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш жараёнини бошлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади, деб хабар берди News.am.

Тегишли қонун лойиҳасини Миллий Мажлиснинг 63 нафар депутати ёқлаб, етти нафари қарши овоз берди. «Арманистон» мухолифат фракцияси овоз беришни бойкот қилди.

Ташаббус якуний тарзда маъқулланган тақдирда, мамлакатлар ҳукумати Европа Иттифоқи билан Европа интеграцияси жараёнининг йўл харитасини муҳокама қилишни, кейин эса мамлакатда референдум ўтказишни режалаштирмоқда.

9 январь куни қонун лойиҳаси Арманистон ҳукумати томонидан маъқулланганди.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян қонун лойиҳаси «Арманистоннинг Европа Иттифоқига тўғридан-тўғри аъзолигини англатмаслигини» ва бу масала бўйича қарор «фақат референдум орқали қабул қилиниши мумкинлигини» таъкидлаган. «Қонун қабул қилингандан сўнг биз ЕИ билан улар тасаввур қилган ва биз тасаввур қилган йўл харитасини муҳокама қилишимиз керак», — деган Пашинян.

Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш ташаббускори «Демократик куч платформаси» бўлиб, у икки ой ичида 60 минг (қонун талаб қилган 50 минг) имзо тўплашга муваффақ бўлди. Ушбу имзолар лойиҳани парламентга кўриб чиқиш учун киритишда талаб этиларди.

Европа Иттифоқи билан муносабатларни мустаҳкамлаш истаги ҳақида Арманистон ҳукумати 2024 йил февраль ойидан бери гапирмоқда. Ўтган йилнинг март ойида Арманистон ТИВ раҳбари мамлакатда Европа Иттифоқига аъзо бўлиш имконияти фаол муҳокама қилинаётганини айтганди. Июль ойида Европа Иттифоқи Арманистон билан визасиз режим бўйича музокараларни бошлашга тайёрлиги маълум бўлган.