Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси январь ойида ўтказган йиғилишларда 10 та банкни жаримага тортди, дея хабар бермоқда регулятор матбуот хизмати.

Қўмита мазкур ойда жами 9 та йиғилиш ўтказиб, 44 та масалани кўриб чиққан ва тегишли қарорлар қабул қилган. Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 36 та масала, шу жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (7 та), очилаётган микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш (11 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (2 та), банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатини тақдим этиш (1 та), тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (14 та) билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилган.

Шу билан бирга, Start Kapital Invest кредит уюшмасини тугатиш ишлари якунлангани муносабати билан у Кредит уюшмаларининг давлат реестридан чиқарилди.

Бундан ташқари, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 8 та масала — Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, тижорат банклари, микромолия ташкилоти ва тўлов ташкилотларида ўтказилган ўрганиш ҳамда «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун талабларига риоя қилиниши ҳам муҳокама қилинди.

Марказий банк томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликлар, жумладан, МБ кўрсатмалари ва қонунчилик талабларига риоя қилинмагани учун 1 та тўлов тизими оператори чора ва санкциялар қўлланиши тўғрисида огоҳлантирилди.

Шунингдек, амалдаги қонунчилик, МБ томонидан ўтказилган ўрганиш ва инспекция текширувлари давомида аниқланган қоидабузарликлар учун 10 та банкка нисбатан жарима санкцияси қўлланди.