Жиззахда фуқаро 19 туп дарахтни ноқонуний кесиб ташлади. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар қилди.

Қайд этилишича, 2024 йил 18 декабрь куни фуқаро Т.А. томонидан Зарбдор туманидаги «Кериз» қабристони ҳудудидан қимматбаҳо (манзарали) бўлган 17 туп паст бўйли қайрағоч ва 2 туп кўк терак дарахтини ноқонуний кесиши оқибатида ўсимлик дунёсига 435 млн 750 минг сўм зарар етказилган.

Ушбу ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Навоий вилояти Экология бошқармасининг тезкор назорат гуруҳи ходимлари томонидан Қизилтепа туманидаги Тўдакўл дам олиш маскани ҳудудида ўтказилган назорат рейд тадбирида Кармана туманида яшовчи фуқаро О.С. 2 туп жийда, 1 туп қайрағоч ва 1 туп айлант дарахтларини ҳеч қандай рухсатсиз таг қисмидан кесиб ташлангани аниқланди.

Ҳолат бўйича ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1- қисми (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 9 млн 375 минг сўм жарима ҳамда 43 млн 125 минг сўм табиатга етказилган зарар белгиланди.