АҚШ терма жамоасида 5 йилдан буён дона суриб келаётган халқаро гроссмейстер Гулруҳбегим Тохиржонова Ўзбекистон терма жамоасига қайтди, дея хабар бермоқда Шахмат федерацияси.
2016 йилда аёл гроссмейстер, 2024 йилда халқаро спорт устаси унвонларига эришган спортчи нима сабабдан ватанига қайтгани ҳақида саволга жавоб бераркан, Ўзбекистонда барча соҳалар қатори шахматга ҳам катта эътибор қаратилаётгани, шаффофлик, очиқ сиёсат, адолатни тиклаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар шахматда ҳам билинаётганини таъкидлади.
«Буни халқаро майдонлардаги шахматчиларимиз ютуқларидан ҳам кўришимиз мумкин. Мен турли сабаблар билан беш йил олдин Америка терма жамоасига кетганман ва у ерда яхши натижаларга эришдим. Лекин ҳар доим опам ва менинг ниятим ўзимизнинг терма жамоада ўйнаш, терма жамоамизни кучайтириш бўлган. Жуда ҳам хурсандман. Биринчи таклиф бўлди ва қайтиб келдим», — деди у.
«Гап пулда ёки ваъдаларда эмас, мен доим ватанимиз байроғи остида қатнашишни хоҳлаганман. Лекин орада шундай давр бўлдики, кетишга мажбур бўлдим. Агар мен Ўзбекистонда муҳит ўзгарганини, Шахмат федерациясида спортчиларга эътибор пайдо бўлганини ҳис қилмаганимда қайтмас эдим», — дея Гулруҳбегимнинг сўзларини келтиради Хушнудбек Худойбердиев ўзининг Telegram каналида.
Фото: Хушнудбек Худойбердиев / Telegram.
«Мазкур қарор Ўзбекистон шахматини жаҳон миқёсида янада кучайтириш учун хизмат қилади. Унинг тажрибаси, маҳорати билан ўзбек шахмати янги чўққиларни забт этади», — дея таъкидлади федерация.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг сентябрь ойида шахмат Олимпиадасида қатнашган спортчиларни Тошкентда кутиб олиш чоғида федерация раиси Алишер Саъдуллаев Тоҳиржоновани Ўзбекистонга қайтариш ҳаракатида эканини айтганди.
«…Юзи ёруғ бўлиб, Ўзбекистон терма жамоасида 2026 йили [Тошкент мезбонлик қиладиган] шахмат Олимпиадасида иштирок этса, бундан фақат хурсанд бўламиз», — дея қўшимча қилган у.
Гулруҳбегим Ўзбекистон терма жамоасини нега тарк этганди?
Шахмат федерацияси билан можародан сўнг АҚШ терма жамоасида ўйнай бошлаган халқаро гроссмейстер Гулруҳбегим Тоҳиржонова 2022 йил январидаги видеомурожаатида федерация раҳбарининг биринчи ўринбосари, истеъфодаги ДХХ генерали Ҳусан Турдиалиев сабаб Ўзбекистон терма жамоасини тарк этганини айтганди.
«Ҳа, ҳақиқатдан ҳам менинг кетишимга Ҳусан Турдиалиев ва унинг хатти-ҳаракатлари сабаб бўлган. Биринчидан, мен ва опа-сингилларимга (Ҳулкар Тоҳиржонова ва Нафиса Мўминова — таҳр.) терма жамоа сафида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишимизга рухсат берилмади, бизда мусобақаларда бир вақтнинг ўзида юрт шарафини ҳимоя қилиш имкони йўқ эди. Молиявий нуқтаи назардан, федерация 15 йил давомида бизни ҳеч қандай тарзда қўллаб-қувватламади», — деганди у ўз видеомурожаатида.
«Ўз ватаним шарафини ҳимоя қилишдан жуда хурсанд бўлардим, аммо ҳозирги шароитда шахсий ривожланиш учун мамлакатни тарк этишга қарор қилдим. Агар федерацияда ўзгаришлар бўлса, албатта, қайтиб келиб, ватаним шарафини ҳимоя қиламан», — дея қайд этган у.
Ҳулкар Тоҳиржонова 2021 йил бошида шахматчи опа-сингиллар ва Шахмат федерацияси ўртасидаги айрим келишмовчиликлар Ҳусан Турдиалиевнинг қизи ҳам шахматчи эканлиги билан боғлиқлиги ҳақида хабар берганди.
«Муаммоларимиз 2000-йилларда бошланган. Чунки у билан бир ёш тоифасида ўйнаганмиз. Ҳар доим ундан ютиб олардик ва ҳеч қачон келишув асосида ютқазиб бермаганмиз. Кимдир унга очколарини берди, лекин биз бермадик. Ҳаммаси шундан бошланган», — дея таъкидлаган у.
Тоҳиржонова 2022 йили Ҳиндистонда ўтказилган Олимпиадада Ўзбекистонга қарши дона сурмаган, 2024 йилги шахмат Олимпиадасида ҳам шундай йўл тутган.