Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Наманган вилоятида 2024 йилнинг биринчи ярмида маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун асоссиз тўловларни аниқлади, деб хабар қилди ташкилот матбуот хизмати.

Қўмита ҳудудий бўлими томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида Namangan Musaffo Iqlim ва Toza Hudud корхоналари 10 та тумандаги 1,1 миллиондан ортиқ истеъмолчидан амалда кўрсатилмаган хизматлар учун 18 миллиард сўмдан ортиқ ундиргани аниқланди.

Махсус комиссия мазкур хизмат кўрсатувчи ташкилотларга нисбатан «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 19 ва 21-моддалари талабларини бузганлик юзасидан иш қўзғатиб, ортиқча ундирилган маблағларни қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

2024 йилдаёқ фуқароларнинг мурожаатлари асосида Namangan Musaffo Iqlim фаолиятида қонунбузарликлар аниқланган. Ўшанда корхонага 762 512 нафар истеъмолчига 11 миллиард сўмни қайтариш бўйича топшириқ берилган.

Шунга ўхшаш ҳолатлар бошқа компаниялар билан бошқа ҳудудларда ҳам қайд этилган. Жумладан, Сирдарё вилоятида Toza Hudud ташкилотининг Гулистон филиали томонидан 2023 йил ва 2024 йилнинг 4 ойи давомида 41,9 минг истеъмолчидан 260,6 миллион сўм қарздорлик ноқонуний равишда ундирилган. Текширув натижасида суммалар қайта ҳисоблаб чиқилган.

Фарғона вилоятида кўплаб хонадонлардан 2023 йил ва 2024 йилнинг биринчи ярмида кўрсатилмаган хизматлар учун қарздорлик ундирилган. Текширувлар натижасида истеъмолчилар фойдасига 40 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.

Сирдарё вилоятида ўтказилган текширишлар натижасида Toza Hudud ташкилоти 51 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 144,8 минг истеъмолчидан ноқонуний равишда 528,6 миллион сўм ундиргани аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, декабрь ойи охирида Қонунчилик палатаси маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун қарзлар мавжуд бўлганда электр энергияси учун тўловларни чеклаш тўғрисидаги қонунни қабул қилган эди. Депутатлар ўзгартиришларни фаол муҳокама қилган ва якунда чекловлар жорий этилгунга қадар қарзни тўлаш учун 5 кун вақт беришга қарор қилинган.

Молиячи Отабек Бакиров Рақобат қўмитаси аҳолидан мурожаатлар бор ёки йўқлигидан қатъи назар, ҳар бир тумандаги чиқинди чиқариш хизматлари фаолиятини тўлиқ текшириши шартлигини таъкидлади.

«Чиқинди хизматларини кўрсатиш тўлиқ шартномавий режимга ўтказилмагунча, жараён тўлиқ рақамлаштирилмагунча, „чиқинди“ қонуни (юқорида қайд этилган чиқинди тўлови ва электр ўртасидаги боғлиқлик тўғрисидаги қонун назарда тутилмоқда — таҳр.) ишга туширилмаслиги зарур», — деб ёзди у Telegram каналида.

Молиячи, шунингдек, миллионлаб истеъмолчилар билан ҳатто шартномалар ҳам тузилмаган ҳолатда қандай қилиб чиқинди қарзларини электр тўловига боғлаш мумкинлигини сўради.