Президент 11 февраль куни «Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Қарорга кўра, 2025 йилда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари (ХМИ/ХҲМТ) иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қуйидаги мақсадли кўрсаткичлар белгиланди:
- давлат кафолати остида жалб қилинадиган кредитлар ҳисобидан белгиланган миқдоридаги маблағларни ўзлаштириш;
- кафолатланмаган кредитлар ҳисобидан белгиланган миқдоридаги маблағларни ўзлаштириш;
- белгиланган миқдоридаги истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиш.
Мазкур мақсадли кўрсаткичларга эришишни таъминлаш учун халқаро ХМИ/ХҲМТ иштирокидаги инвестиция лойиҳалари билан ишлаш бўйича Фавқулодда штаб ва унинг ҳудудий штаблари ташкил этилади.
ХМИ/ХҲМТ иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳларини тузиш амалиёти 2025 йил 1 мартдан босқичма-босқич тугатилади ва барча функциялари Лойиҳани ижро этувчи агентликларнинг тегишли бўлинмаларига юклатилади.
2025 йил 1 июнгача «Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш» автоматлаштирилган ахборот тизими экспертизадан ўтказилиб, ХМИ/ХҲМТ томонидан молиялаштириладиган лойиҳалар доирасида электрон харидларни амалга ошириш бўйича махсус ахборот портали ишга туширилади ҳамда рақамли харид тартиб-қоидаларига ўтилади.