Вазирлар Маҳкамасида 12 февраль куни «2025−2026 йилларда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2025−2026 йилларда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳамда 3−7 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Шунингдек, қуйидагилар ташкил этилади:
- аҳолининг яшаш даражаси ва тўлов қобилияти юқори бўлган (камбағал оилалар кам бўлган) маҳаллаларда давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат боғчалар;
- олис ва чекка (туман ва шаҳарлар марказида жойлашмаган) маҳаллаларда оилавий нодавлат боғчалар;
- аҳолининг тўлов қобилияти паст (камбағал оилалар нисбатан кўп бўлган) ҳамда демографик ўсиш даражаси юқори бўлган маҳаллаларда давлат, шунингдек, халқаро молия институтлари кредит ва грантлари ҳисобидан давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат боғчалар;
- ижтимоий соҳа муассасаларининг бўш биноларида қисқа муддатли гуруҳлар.
2025 йил якунигача камбағал оилалар фарзандларини мактабгача таълим билан қамраб олиш таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, давлат боғчалари тарбияланувчиларини «Ягона мавсумий таомнома» бўйича овқатлантириш, бунга аутсорсни жалб қилиш режалаштирилмоқда. Ҳудудлар кесимида бир бола учун кунлик харажат белгилаб олинади. Унинг назорати билан янги Таълим соҳасида овқатлантиришни ташкил этиш маркази шуғулланади.
Шунингдек, Таълим соҳасида овқатлантиришни ташкил этиш ва назорат қилиш маркази ташкил этилади. Давлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил этишни мувофиқлаштириш ҳамда жараёнларни босқичма-босқич рақамлаштириш марказнинг асосий фаолият йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Бундан ташқари, ҳукумат қарори билан мактабгача таълим тизимини рақамлаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси белгиланди. Унга кўра, ходимлар ва тарбияланувчилар давомати, озиқ-овқат харажатлари «Болалар боғчаси» ахборот тизими орқали ҳисобга олиб борилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йилдан бошлаб ходимлар ва болаларнинг давоматини шахсни биометрик идентификация қилиш технологияси орқали назоратга олишни йўлга қўйиш учун болалар боғчаларини планшетлар ва бошқа ускуналар билан таъминлаш учун давлат бюджетидан камида 50 миллиард сўм ажратади.