11 февраль куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонуни билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қонунга кўра, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги ва «Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги қонунларига фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилишини, бўшаб қолган ўринларга фуқаролар йиғинлари раисларининг 5 йил муддатга сайланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссияларининг ваколатлари аниқлаштирилди.
Хабарга кўра, қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Қонун амалга киритилгунига қадар сайланган фуқаролар йиғинлари раислари ўз ваколатларини улар сайланган 3 йиллик муддат тугагунига қадар амалга оширади.
Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 14 январь куни бўлиб ўтган мажлисида фуқаролар йиғини раислари — маҳалла раисларининг ваколат муддатини узайтириш тўғрисидаги қонун бирданига уч ўқишда қабул қилинганди.
Депутат Абдулла Аслановнинг айтишича, қонун лойиҳаси бир гуруҳ депутатлар ташаббуси доирасида президентнинг 2023 йил 21 декабрдаги қарори, шунингдек, президент администрациясининг 2024 йил 31 декабрдаги хати асосида ишлаб чиқилган.
Асланов фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг сайлов механизмлари нуқтаи назаридан Япония, Ҳиндистон, Туркия, Хитой, Исроил, Арманистон, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатларнинг хорижий тажрибаси ўрганилганини таъкидлаган.
Депутатлардан бири маҳалла қўмиталари раислари сайлови қайси манбалардан молиялаштирилишини сўради. Абдулла Асланов маҳалла раисларининг навбатдаги сайлови 2025 йилнинг май ойида ўтказилиши белгиланиб, ушбу сайловни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети сметасига киритилганини айтган.
Қонун лойиҳаси Сенатнинг 25 январь кунги учинчи ялпи мажлисида ҳам атрофлича муҳокама қилиниб, қабул қилинган. Жараёнда сенаторлар томонидан мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши фуқаролар йиғинлари раислари фаолиятини ва сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ишини самарали ташкил этишга хизмат қилиши айтиб ўтилган.