Умра ва Ҳаж зиёратига борувчилар учун менингитга қарши эмланиш талаби бекор қилингани тўғрисидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Санитария-эпидемиология қўмитаси матбуот хизмати.

Саудия Арабистони Қироллиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2025 йилдан бошлаб Умра ва Ҳаж учун келадиган барча зиёратчиларнинг менингит инфекциясига қарши эмланганлик тўғрисидаги ҳужжати бўлиши шартлигини талаб қилувчи меъёрий ҳужжат чиқарган.

Таъкидланишича, сўнгги пайтларда аҳоли ўртасида ва ижтимоий тармоқларда мазкур талаб — менингитга қарши вакцина олиш бекор қилингани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Санепидқўмита мамлакат Умра ва Ҳаж зиёратларига борувчиларда менингит касаллигига қарши эмланганлик ҳақида ҳужжат бўлиши зарурлигини расман бекор қилмаганини маълум қилди.

Ўзбекистонга юқумли касалликларни четдан кириб келишини олдини олиш ва эпидемиологик барқарорликни сақлаб қолиш мақсадида зиёратчиларни менингитга қарши эмлаш тавсия этилади, дейилади хабарда.

Маълумот учун, жорий этилган тартиб-қоидага кўра, эмланиш подшоҳликка киришдан камида 10 кун олдин амалга оширилган бўлиши лозим. Эмланганлик сертификатининг амал қилиш муддати 3 йилни ташкил этади.

Менингит ўзи қандай касаллик?

Менингит — бу мия ва орқа мияни қоплаб турувчи юпқа пардаларидаги яллиғланиш бўлиб, у вируслар, бактериялар, замбуруғлар ёки бошқа инфекциялар орқали келиб чиқиши мумкин. Касаллик кучли бош оғриғи, юқори ҳарорат (иситма), қусиш ва кўнгил айниш, ҳушдан кетиш каби аломатлар билан сезилади.

Соҳа мутахассисларининг билдиришича, ушбу инфекция ҳаво орқали юқадиган касаллик бўлиб, унга чалинган шахс аксирса ёки йўталса инфекция бутун атрофга тарқайди. Менингит исталган ёшда учраши мумкин.

Шу боис зиёратчилар одамлар гавжум жойларда ҳимоя ниқобларидан фойдаланишлари, шахсий гигиенага риоя қилишлари ва касалликдан сақланиш эҳтиёт чораларини кўришлари тавсия этилади.