Ўзбекистонда банк хизматларини рухсат этилган шартлар асосида кўрсатишга ваколатли бўлган микромолия банки институти жорий этилади. Бу 11 февраль куни имзоланган «Микромолиялаштириш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунида [ЎРҚ-1026-сон] белгиланди.
Қонун Сенатда 24 январь куни маъқулланганди.
Қонун микромолия ташкилотлари ва тижорат банклари ўртасида уларни боғловчи «занжир»ни шакллантириш, шунингдек микромолия ташкилотлари учун қўшимча молиявий ресурслар, шу жумладан депозитлар жалб этиш имконияти яратилади.
Қонун билан микромолия ташкилотларини микромолия банкларига ва микромолия банкларини тижорат банкларига ҳамда аксинча трансформация қилиш учун ҳуқуқий асос яратилмоқда.
«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунга киритилаётган тузатишларга кўра микромолия банки институти жорий этилмоқда. Хусусан, микромолия банки — бу айрим чекловларни инобатга олган ҳолда банк фаолиятини амалга оширувчи юридик шахс бўлиб, микромолия ташкилотлари ва тижорат банклари занжирини боғловчи бўғин ҳисобланади. Ушбу банк устав капиталининг энг кам миқдори 50 млрд сўмни ташкил этиши шартлиги белгиланмоқда.
Бундан ташқари, аҳолининг молиявий хизматларга бўлган эҳтиёжини қондириш, микромолия банкларининг фаолиятини кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтириш мақсадида микромолия банкка банк фаолиятини амалга оширишда айрим чекловлар ҳам белгиланмоқда. Уларга кўра микромолия банкларида:
- жисмоний шахслардан омонатга жалб қилинган пул маблағлари миқдори қонунчиликда белгиланган кафолатланган омонат миқдоридан ошмаслиги;
- бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳига доир таваккалчиликнинг энг кўп миқдори 5 млрд сўмдан ошмаслиги;
- тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ажратилган кредитларнинг кредит портфелидаги улуши 70 фоиздан кам бўлмаслиги;
- чет эл банкларида ҳисобварақлар очиш, чет эл фуқаролари ва юридик шахсларига уларнинг мажбуриятлари бўйича кафолатлар бериш ҳамда мижозларнинг ташқи савдо операциялари бўйича хизматлар кўрсатиш тақиқланганлиги;
- қарз қимматли қоғозларига инвестициялар банкларнинг ликвидлилигини бошқаришга қўйиладиган талаблар доирасида фақатгина Марказий банк томонидан белгиланган юқори ликвидли қарз қимматли қоғозларига йўналтирилиши мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда.
«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунга киритилган яна бир қўшимчага кўра, қуйидаги кредит ташкилотлари ўз фаолиятини ўзгартириши мумкин:
- микромолия ташкилоти — микромолия банки фаолиятига;
- микромолия банки — банк фаолиятига;
- банк — микромолия банки фаолиятига;
- микромолия банки — микромолия ташкилоти фаолиятига.
«Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунига киритилган қўшимчага кўра, микромолия банки фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни Марказий банк томонидан бериш белгиланди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.