11 феврал куни Ҳукумат қарори [78-сон] билан «Ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитишда умумий ўрта таълим муассасалари ва тадбиркорлик субъектларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар қилди.

Низом ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитишда умумий ўрта таълим муассасалари билан тадбиркорлар ва ҳунармандларнинг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибини белгилайди.

Низом қуйидагиларни назарда тутади:

  • умумий ўрта таълим муассасалари ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорлик йўналишлари;
  • умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этиш тартиби;
  • тадбиркорлар томонидан мактабларда касб-ҳунар тўгаракларини ташкил этиш асослари;
  • умумий ўрта таълим муассасаларининг бўш турган биноларини тадбиркорларга ижарага беришда умумий ўрта таълим муассасаси ва тадбиркорларнинг мажбуриятлари.

Касб тўгаракларига касбга қизиқиши бўлган 7−11-синф ўқувчилари жалб этилади.

2025 йилдан 8-синф ўқувчилари учун саноат, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, агротехнология соҳаларидаги корхона ва ташкилотларга экскурсиялар ташкил этилади.

2024/2025 ўқув йили якунигача мактаблар битирувчиларини эгаллайдиган касб-ҳунари бўйича амалий имтиҳондан ўтказиш ва уларга электрон сертификат бериш тартиби жорий этилади.