Марказий банк 2025 йилда макроиқтисодий ривожланишдаги ноаниқликлар ва рискларни санади. Бу ҳақда 2024 йилнинг тўртинчи чорагидаги пул-кредит сиёсати тўғрисидаги ҳисоботда айтилади.
Ташқи ноаниқликлар ва хатарлар
Марказий банкнинг фикрича, дунёда протекционистик кайфиятнинг кучайиши ва савдо чекловларининг ортиши глобал таъминот занжирларида муаммоларга олиб келиши мумкин. Бу, ўз навбатида, глобал инфляциянинг ҳозирги пасайиш тенденциясини ўзгартириб, инфляция босимининг узоқроқ муддат сақланиб қолиши эҳтимолини ошириши мумкин.
Бундан ташқари, глобал инфляция рискларининг кучайиши шароитида марказий банклар пул-кредит сиёсатини юмшатишни кечиктириши мумкин, бу эса арзон пулга эгаликни қийинлаштиради.
Дунёда давом этаётган геосиёсий кескинликлар (можаролар, санкциялар, савдо урушлари) ҳам хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг янада ошишига олиб келиши мумкин. Хусусан, жаҳон бозорида озиқ-овқат нархининг ўсиши келажакда Ўзбекистонда ички нархларга босимни кучайтириши мумкин.
Бундан ташқари, санкциялар хавфининг ортиши тўловлар ва етказиб беришдаги кечикиш туфайли ташқи савдо ва пул ўтказмаларига салбий таъсир кўрсатади.
Ички ноаниқликлар ва хатарлар
«Энергетика ислоҳоти»нинг навбатдаги босқичида 2025 йил апрель ойида юридик шахслар учун энергия тарифларининг ўзгариши ишлаб чиқариш таннархининг ошишига ва хўжалик юритувчи субъектлар инфляцион кутилмаларининг тезлашишига олиб келиши мумкин, дея кутмоқда регулятор.
Бундан ташқари, апрель ойида компрессор ёнилғи қуйиш шохобчалари учун табиий газнинг улгуржи нархининг ошиши, ўз навбатида, транспорт харажатларининг ўсиши натижасида маҳсулот таннархига таъсир қилиши мумкин.
Бундан ташқари, иқтисодиётдаги юқори инвестицион фаоллик ва аҳоли реал даромадларининг сезиларли ўсиши истеъмол талабини қўллаб-қувватлашда давом этиши мумкин, бу эса келажакда талаб омиллари таъсирининг сақланиб қолишига, яъни инфляциянинг ошишига олиб келади.
Ўзбекистонда 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархларининг навбатдаги оширилиши режалаштирилган — бу ҳукумат қарорида 2024 йил апрелдан кўзда тутилган.
Хавф сценарийси
Ўтган йилнинг ноябрида Марказий банк 2025 йилга ва 2026−2027 йилларга мўлжалланган пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқлаганди. Унда иқтисодий ривожланишнинг асосий, муқобил ва хавфли сценарийлари назарда тутилган.
Инфляция жараёнларининг умумий пасайишига қарамай, 2027 йилга бориб инфляциянинг 5 фоизлик мақсадли даражасига эришишни секинлаштириши мумкин бўлган ички ва ташқи омилларнинг таъсири эҳтимоли сақланиб қолмоқда.
Иқлим хавфи. Иқлим ўзгариши қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат нархларига таъсир қилади. Масалан, 2022 йил бошида об-ҳавонинг ғайритабиий совуқ бўлиши ишлаб чиқариш кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатган, 2023 йилда эса беқарор иқлим шароити мева-сабзавот ҳосилдорлигини пасайтириб, нархлар ошишига сабаб бўлди. 2024 йилда яхши шароитлар озиқ-овқат маҳсулотларига деинфляция таъсирини кўрсатди. Келажакда иқлимнинг беқарорлиги инфляцияни ошириши мумкин.
Номонетар омиллар. Фаол ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришлар вақтинча инфляция кутилмаларини ошириши ва асосий инфляцияга босимни ошириши мумкин. Агар инфляция узоқ вақт давомида юқори даражада сақланиб қолса, Марказий банк пул-кредит сиёсатини кучайтиришга мажбур бўлади.
Фискал рағбатлантириш. Агар жиддий рисклар юзага келса, рағбатлантирувчи бюджет сиёсатини кучайтириш мумкин, бу эса таклиф чекланган ҳолда талабнинг ошишига олиб келади. Бу қўшимча инфляция босимини келтириб чиқаради ва бюджет тақчиллигининг ортиб кетишига олиб келиши мумкин.
Энергия хатарлари. Чекланган таъминот шароитида энергия ресурсларига талабнинг ортиши тақчиллик ва узилишларга, ишлаб чиқариш харажатларининг ошишига ва инфляция босимининг кучайишига олиб келиши мумкин. Бундай шароитда пул-кредит сиёсатининг самарадорлиги пасаяди.
Тарифлар
Охирги марта тарифлар ўтган йилнинг май ойида, ижтимоий нормалар жорий қилинган пайтда кўтарилган эди. Аҳоли учун 1 кВт/соат электр энергиясининг базавий (ижтимоий меъёр доирасида) нархи 295 сўмдан 450 сўмга (+52,5 фоиз), 1 куб метр газнинг нархи 380 сўмдан 650 сўмга (+71 фоиз) ошган. Истеъмол ҳажми кўпайгани сайин тариф бир неча баробар ортади.
1 апрелдан электр энергиясига (ойига 200 кВт/соат доирасида) базавий тариф яна 33,3 фоизга — 450 сўмдан 600 сўмга, газ учун — 650 сўмдан 1000 сўмга (+53,8 фоиз) ошади.
Апрелда электр энергияси ва газ тарифларининг ошиши инфляциянинг қўшимча 1,8−1,9 фоиз пунктига кўтарилишига олиб келади. Бу жорий йил учун 7−8 фоиз атрофида бўлиши кутилаётган инфляция прогнозида аллақачон ҳисобга олинган, деганди Марказий банк раиси Тимур Ишметов 23 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
«Газета.uz» ёзганидек, тарифлар икки баравар оширилганига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати электр энергияси ва газ нархларини субсидиялашда давом этмоқчи. 2025 йилда давлат бюджетидан газ, электр ва иссиқлик таъминоти учун субсидиялар шаклида 12,3 триллион сўм ажратиш режалаштирилган. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг сўзларига кўра, бу амалиётга фақат 2028 йилдан бошлаб чек қўйиш режалаштирилган.