Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти лавозимига Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов номзоди илгари сурилди, деб хабар бермоқда ЎФА матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, ассоциациянинг собиқ президенти Абдусалом Азизов ноябрь ойида ДХХ раиси лавозимидан озод этилиб, президентнинг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари бўлгач, футбол ташкилоти раҳбарлигидан ҳам кетганди. Унинг ўрнига Равшан Эрматов ЎФА раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

ЎФА уставига мувофиқ, 22 феврал куни ташкилот президентлигига сайлов бўлиб ўтади. Шу муносабат билан 20 январь куни аъзоларга ушбу лавозимга номзодлар бўйича таклиф юборишни сўраб мурожаат қилинган. ЎФА электрон почтасига келиб тушган номзодлар тўғрисидаги маълумотлар конгрессдан 30 кун олдин ЎФА котибиятига тақдим этилди.

Унга кўра, ЎФА аъзолари президент лавозимига ДХХнинг амалдаги раиси Баҳодир Қурбонов номзодини илгари сурган.

Таъкидланишича, ЎФА аъзолари навбатдан ташқари сайлов конгрессининг ўтказилиш жойи ва кун тартиби тўғрисида камида 10 кун олдин хабардор қилиниши лозим. Шу сабабли 12 февраль куни барча аъзоларга ушбу маълумотлар етказилган.