Владимир Зеленский тинчлик музокараларида Украина назоратидаги Курск вилоятининг бир қисмини Россия томонидан аннексия қилинган Украина ҳудудининг бир қисмига алмаштиришни таклиф қилмоқчи эди, аммо Кремль бу таклифга муносабат билдириб, «Бу имконсиз» дея жавоб қайтарди.

Зеленский The Guardian нашрига берган интервьюсида бундай деганди:

«Биз бир ҳудудни бошқасига алмаштирамиз. Билмадим, кўрамиз. Бизга барча ҳудудимиз муҳим, бунда ҳеч қандай устуворлик йўқ», — дея қўшимча қилди Украина президенти.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, у Россия билан музокараларга тайёр, бироқ Украина уларга куч позициясидан чиқишини хоҳлайди. Украина раҳбари Америка компанияларига тикланиш шартномалари ва сармоявий имтиёзлар таклиф қилишини айтди. Бу билан у Россия-Украина урушини тугатишга интилаётган АҚШ президенти Дональд Трампни ўз томонига оғдиришга ҳаракат қилади, деб ёзади The Guardian.

Президент, шунингдек, Украинага хавфсизлик кафолатларини фақат Европа давлатлари бериши ҳақидаги таклифларни танқид қилди. «Европа америкаликларсиз хавфсизлик кафолатларини таклиф қила олади, деган овозлар бор ва мен ҳар доим „йўқ“ дейман. АҚШсиз хавфсизлик кафолатлари — ҳақиқий бўлмаган хавфсизлик кафолатлари», — деди Украина раҳбари.

Франция президенти Макроннинг Украинага Европадан тинчликпарвар кучларни юбориш ғоясини изоҳлар экан, Зеленский бундай миссия кенг миқёсда жойлаштирилса, иш беришини таъкидлади. «Биз [тинчликпарвар] контингент тарафдоримиз, агар у хавфсизлик кафолатининг бир қисми бўлса. Мен яна бир бор таъкидлайманки, АҚШсиз бу иложсиз», — дея қўшимча қилди у.

«Бу имконсиз»

Россия Украина билан музокараларда босиб олинган ҳудудларни алмашиш мавзусини муҳокама қилмайди, деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков таклифга жавобан.

«Бунинг иложи йўқ. Россия ҳеч қачон ўз ҳудудини айирбошлаш мавзусини муҳокама қилмаган ва қилмайди ҳам. Албатта, Украина қўшинлари бу ҳудуддан чиқариб юборилади. Йўқ қилинмаганларнинг барчаси қувиб чиқарилади», — деди Кремль вакили.

  • Украина Қуролли кучлари 2024 йил август ойида Курск вилояти ҳудудида ҳужум бошлаганди. Россия қўшинлари ҳозиргача минтақанинг барча ҳудудларини тўлиқ ўз назоратига қайтара олмаган.
  • Россия-Украина урушининг тугаши — Трамп президентлик кампаниясининг асосий нуқталаридан бири. Аммо ҳозирча АҚШ можарони тўхтатиш бўйича расмий режани тақдим этгани йўқ.
  • The Telegraph хабарига кўра, АҚШ НАТО иттифоқчилари билан музокаралар олиб бориш ва «Европага музокаралар столидан жой бериш» учун Украина бўйича тинчлик режасини ишлаб чиқишни тўхтатган.
  • Зеленскийнинг 14−16 февраль кунлари Германияда бўлиб ўтадиган Мюнхен хавфсизлик конференциясида иштирок этиши кутилмоқда. Конференциянинг биринчи кунида у АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс билан учрашиши, Мюнхендаги учрашувдан олдин эса Украинага Трамп жамоаси вакиллари келиши кутилмоқда.