Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги халқаро кўп функцияли транспорт ва логистика хаби БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармасининг (БМТ ҚБОКБ) Глобал таъминот тармоғи омбори мақомини олди, дея хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Тадбирда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, БМТ бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили ўринбосари Индрике Ратватте, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Сабине Маҳл, ҚБОКБ минтақавий вакили Думитру Липкану, унинг Афғонистон бўлими раҳбари Арафат Жамол, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон ТИВ, божхона ва чегара хизматлари раҳбарияти ва бошқалар иштирок этди.
Мазкур хаб 2022 йилда президент ташаббуси билан халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар томонидан Афғонистон ва бошқа давлатларга юборилаётган инсонпарварлик ёрдамини қабул қилиш, сақлаш ва жўнатишни таъминлаш мақсадида Termez Cargo Center компанияси негизида ташкил этилган эди. Ушбу юк марказидан 2021 йилдан буён БМТ тузилмалари ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича логистик хаб сифатида фойдаланиб келинмоқда.
Шавкат Мирзиёев БМТ бош ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамиятини Афғонистон муаммосини ҳал этишда бирлашишга чақирар экан, афғон халқига кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдами заифлашмаслиги кераклигини таъкидлаганди.
ҚБОКБ глобал тармоғига Аммон (Иордания), Дубай (БАА), Найроби (Кения), Аккра (Гана), Дуала (Камерун), Копенгаген (Дания) ва Панама Сити (Панама) шаҳарларида жойлашган еттита омбор мажмуаси киради. Ҳар йили ушбу инфратузилма инсонпарварлик инқирозларига тезкорлик билан жавоб бериш учун 500 млн доллардан ортиқ қийматдаги ҳаётни қўллаб-қувватловчи асосий маҳсулотларни (чодирлар, кўрпа-тўшаклар, ошхона жиҳозлари, дори-дармонлар ва бошқалар) етказиб беради.
Қайд этилишича, қийин халқаро муҳитни ва қўллаб-қувватлашга муҳтож одамлар сони ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда БМТ ва унинг агентликлари аҳолининг заиф қатламларига ёрдам бериш учун асосий ресурсларни етарли даражада таъминлашга ҳаракат қилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Термиз шаҳрининг Марказий ва Жанубий Осиё чорраҳасида жойлашган стратегик жойлашуви, бу ерда яратилган транспорт-энергетика инфратузилмаси, шунингдек, малакали кадрлар мавжудлиги уни глобал тармоққа интеграция қилиш қарорида асосий омил бўлди. Термиз маркази ҚБОКБнинг саккизинчи халқаро омборига айланди, дейилади хабарда.
Маросимда сўзга чиққан Исматулла Иргашев Термиз шаҳридаги хаб халқаро ҳамкорлик, ишончлилик ва самарадорлик рамзи эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу нафақат инсонпарварлик етказиб бериш тармоғини мустаҳкамлашга, балки ҳудуд ривожига, янги имкониятлар ва иш ўринлари яратишга ҳам хизмат қилади.
БМТ бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили ўринбосари Индрике Ратватте Ўзбекистон томонига Афғонистон ва бошқа мамлакатларга гуманитар ёрдам кўрсатишдаги фаол саъй-ҳаракатлари, шунингдек, БМТнинг тегишли идоралари билан яқин ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди.
У Термиз шаҳрида яратилган инфратузилмани юқори баҳолади ва бу операцион харажатлар ва хатарларни камайтириш орқали БМТнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини оширишини қайд этди. «Биз „ҳеч кимни ортда қолдирмаслик“ тамойили асосида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёрмиз», — деди у.
БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Сабине Маҳл тадбир республиканинг кўп томонлама ҳамкорлик тамойилларига содиқлигини кўрсатишини ва унинг халқаро гуманитар ташаббусларнинг фаол иштирокчиси сифатидаги ролини кучайтиришини таъкидлади. Унинг айтишича, Ўзбекистон томони яратаётган имкониятлар туфайли фавқулодда вазиятлардан жабр кўрган миллионлаб инсонлар амалий ёрдам олади.
ҚБОКБнинг Марказий Осиё бўйича вакили вазифасини бажарувчи Думитру Липкану ташкилот Термиз марказининг халқаро даражадаги гуманитар операциялар учун стратегик афзалликларига бир неча бор ишонч ҳосил қилганини таъкидлади. «Марказни глобал тармоғимизга интеграция қилиш унинг инфратузилмаси ва логистика имкониятларидан уйларини тарк этишга мажбур бўлган одамларни қўллаб-қувватлаш учун янада самарали фойдаланиш имконини беради», — деди у.
Ташкилотнинг Афғонистондаги вакили Арафат Жамолнинг сўзларига кўра, Термиз логистика маркази орқали ҚБОКБнинг фавқулодда вазиятларда таъминотни бошқариш тизимини кенгайтиришдан Афғонистон катта фойда кўради.
«Шу билан бирга, ушбу марказнинг аҳамияти Афғонистон чегараларидан ҳам ташқарига чиқади. Бу глобал миқёсда фавқулодда вазиятларни бартараф этиш чораларини кучайтиради, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлайди, экологик тоза технологияларни қўллаш орқали иқлим ўзгаришига қарши курашни фаоллаштиради», — дея қўшимча қилди у.