USAID билан шартнома асосида ишлайдиган ташкилотлар ва компаниялар, жумладан, Америка адвокатлар ассоциацияси АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятини АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигини тугатиш бўйича ноқонуний ҳаракатларда айблаб, Колумбия округи федерал судига даъво аризаси киритди, деб ёзмоқда Reuters.
Даъво бўйича жавобгарлар сифатида Трамп, Давлат департаменти ва Оқ уйнинг маъмурий-бюджет бошқармаси кўрсатилган.
«Ушбу даъвонинг мақсади АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва бошқа федерал хорижий ёрдам дастурларини молиялаштириш ҳамда бошқаришда тартибсизликни келтириб чиқарган, даъвогарлар ва бошқа грант олувчилар, пудратчилар ва ҳамкорларга оғир ва тузатиб бўлмайдиган зарар етказган ижро этувчи ҳокимиятнинг ноқонуний ва конституцияга зид равишда амалга оширилишини тақиқлашдан иборат», — дейилади даъво аризасида.
Даъвогарларнинг таъкидлашича, жавобгарлар АҚШ Конгресси томонидан ташкил этилган федерал агентликни ёпиш ёки АҚШ қонун чиқарувчилари томонидан ажратилган маблағни тўхтатиш учун қонуний ваколатга эга эмас.
«На президент, на унинг қўл остидагилар тегишли равишда қабул қилинган қонунларни бузиш ва Конгресс қонунчилик орқали билдирган молиялаштириш афзалликларини ўзгартириш ваколатига эга эмас», — дейилади даъво аризасида.
«Жавобгарлар федерал ташқи ёрдам тизимини демонтаж қилишди: молиялаштиришдан маҳрум бўлди, ходимлардан айрилди, асосий вазифаларни бажара олмаяпти ва охир-оқибат Давлат департаменти томонидан ютиб юборилмоқда», — дейилади аризада.
Даъвогарларнинг таъкидлашича, USAID мавжуд шартномалар бўйича молиялаштиришни тўхтатган, жумладан, гап бажарилган ишлар учун юзлаб миллион долларлар ҳақида кетмоқда. Натижада, USAID`нинг бутун дунё бўйлаб ишларининг катта қисмини бажарадиган пудратчилар «ходимларни ишдан бўшатишга, маҳаллий субъектлар билан муносабатларни узишга ва ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлмоқда», — дейилади даъво аризасида.
Даъвогарлар Трампнинг халқаро ёрдамни музлатиш, USAID`ни молиялаштиришни бекор қилиш ҳамда уни тугатиш каби фармонларини конституцияга зид деб топиш ва тақиқлаш чораларини кўришни сўрамоқда.
Бу Трамп маъмуриятининг USAID`га нисбатан хатти-ҳаракатлари юзасидан берилган учинчи даъводир, дея аниқлик киритди Reuters. Дастлабки иккита даъво АҚШ давлат хизматчилари касаба уюшмаси ва Америка давлат хизматчилари федерацияси томонидан берилган.
Ўтган ҳафта Вашингтондаги суд давлат хизматчилари касаба уюшмаси илтимосномасини қондириб, USAID`нинг таътилга чиқарилган 2700 га яқин ходими 14 февралгача ишга қайтиши мумкинлиги ҳақида қарор чиқарган. 15 февраль куни суд муддатни узайтириш масаласини кўриб чиқиши кутилмоқда.
Трамп Оқ уйга қайтгач, Американинг бошқа давлатларга ёрдамини ажратишни 90 кунга тўхтатиб қўйди. Қарор биринчи навбатда 1961 йилда ташкил этилган USAID`га таъсир қилди.
Аввалроқ Трамп маъмурияти USAID`ни мустақилликдан маҳрум қилиб, уни Давлат департаменти назоратига ўтказишни, шунингдек, агентлик ходимларини оммавий равишда ишдан бўшатишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилганди.
АҚШ дунёдаги энг йирик инсонпарварлик ёрдами донори бўлиб, унга мамлакат бюджетининг 1 фоизидан камроғи сарфланади. 2023 молия йилида USAID 130 дан ортиқ давлатга, жумладан, Украина, Эфиопия, Иордания, Конго Демократик Республикаси, Сомали, Яман ва Афғонистонга 40 миллиард доллардан ортиқ (шу жумладан, Конгресс томонидан агентликка ажратилган 25 миллиард, қолган қисми Давлат департаменти томонидан ажратилган) ёрдам кўрсатди. Ўзбекистон ҳам USAID ёрдамини олувчилар қаторига киради — 1993 йилдан бери бу кўрсаткич 650 миллион доллардан ошган.