Самарқанд вилояти Жомбой туманида ичида йўловчилари бўлган автобус йўл-транспорт ҳодисасига учради, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати.
Қайд этилишича, ҳолат 11 февраль куни 7:00 атрофида М-39 автомобиль йўлининг 1079-километрида содир бўлган. Йўловчи ташувчи Zhongtong автобуси ҳаракатланиб келаётиб кўприк устида ЙТҲга учраган Cobalt билан тўқнашган.
Автобус енгил машинанинг ҳолатини инобатга олмасдан тезликни меъёридан ошириб келгани оқибатида тормозни кескин босган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда автобус ағдарилиб кетганини кўриш мумкин.
Оқибатда бир нафар йўловчи — 68 ёшли эркак тиббиёт бирлашмасида вафот этган. Жабрланганлар бўйича маълумот берилмаган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.