Ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳридаги автомобилларни вақтинча сақлаш майдончасида кўплаб қора Gentra’лар тўпланиб тургани акс этган видеолавҳа пайдо бўлди. Вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бунга йўл-транспорт ҳодисаси сабаб бўлганини маълум қилди.
Хабар қилинишича, 11 февраль соат 06:40 ларда номаълум шахс Gentra машинасида шаҳарнинг Амир Темур кўчасида йўлни кесиб ўтаётган пиёдани (1958 й.т.) уриб юборган. Кузатув камерасидаги ёзувдан кўринадики, у тўқнашувдан сўнг аввал тўхтаган, сўнг ҳодиса жойидан яширинган.
ЙҲХБ пиёда воқеа жойида вафот этганини билдирди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 117-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига сабаб бўлган хавф остида қолдириш) ва 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Хабарда номаълум ҳайдовчини топиш бўйича ўтказилаётган тезкор қидирув ишлари юзасидан қора рангли Gentra’лар мутахассислар томонидан текширилиб, текширув якунлангандан сўнг рухсат берилаётганига аниқлик киритилди.
«Шу сабабли ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан одам ўлимига сабабчи бўлиб, жавобгарликдан қутилмоқчи бўлган ҳайдовчини топиш мақсадида ўтказилаётган тезкор қидирув ишларини ва бу борадаги ички ишлар органлари ходимларининг саъй-ҳаракатларини нотўғри талқин қилмасликларини сўраймиз», — қўшимча қилди ЙҲХБ.