Иқтисодчи, Техас университети профессори Ботир Қобилов «Газета.uz»га берган интервьюсида давлатнинг иқтисодиётдаги роли нима учун минимал бўлиши лозимлигини тушунтирди.

2018 йили иқтисодчи «Бизнес лабараторияси» кўрсатувида «Иқтисодиётни кўтариш эмас, кўтарилишига халал бермаслик керак», деб таъкидлаганди. Интервьюда унга ҳозир ҳам шу фикрда экани ёки йўқлиги ҳақида савол берилди.

«Менимча, бу ғоя ҳозир ҳам актуал. Ҳар доим актуал бўлган. Иқтисодиётда давлатнинг роли қандай деган саволга доимий жавобим: иқтисодиётда давлатнинг иштироки имкон қадар кам бўлиши керак. Давлатнинг ягона роли ёзилган ўйин қоидаларини амалга ошириш. Чунки давлат ўйин қоидаларини ёзмайди. Ўйин қоидаларини жамият ўзи парламент орқали ёзади», — деди иқтисодчи.

Унинг фикрича, давлатнинг ўзи қандайдир соҳаларнинг ёки қандайдир индивидуал корхоналарнинг тарғиботчиси сифатида иқтисодиётда иштирок этиши фақат ва фақат зиён келтиради.

«Давлатнинг кучи, билими бозордаги ҳолатни билишга етмайди. Жан Тиролнинг [франциялик иқтисодчи, Нобель мукофоти совриндори — таҳририят] гапига қайтадиган бўлсак, биз нима тўғри, нима нотўғри эканини билмаймиз. Агар камтар бўлиб тан оладиган бўлсак, биз ҳеч нарсани билмаймиз. Айниқса, давлат, бюрократик аппаратда қайси саноат ёки йўналиш фаолияти келажакда яхши бўлишини, қайси саноат ёки корхонани сақлаб қолиш халқ манфаатига хизмат қилишини билиш қобилияти йўқ. Мен бу ғоядан йироқман», — деди Техас университети профессори.

Ботир Қобиловнинг айтишича, буни билиш учун жуда кўп маълумотларга эга бўлиш ва уларни таҳлил қилиш талаб этилади.

«Давлатда бундай қобилият йўқ. Шунинг учун аксарият ҳолларда давлат нотўғри саноатларни, нотўғри корхоналарни чемпион сифатида олдиндан танлаб қўяди. Ким ғолиб бўлишини олдиндан танлаб қўяди. Нафақат танлаб қўяди, ўша ғояни давом эттириш учун солиқ тўловчиларнинг харажатларини нотўғри тақсимлайди, нотўғри рағбатлар яратиб қўяди ва шунинг натижасида иқтисодиётда баланс бузилади», — деди у.

Суҳбатни тўлиқ қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин: