Тошкент шаҳрида 17 нафар фуқаро ДХХ ва ИИВ ходимлари томонидан ноқонуний диний ташкилот тузишда гумонланиб, қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда қайд этилишича, улар орасида 1976−2001 йиллар оралиғида туғилган божхона идораларининг 3 нафар ходими, Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси, технопарк директори ўринбосари, хусусий автомактаб директори ўринбосари, «Сергели-авто» бозорида савдо билан шуғулланувчи шахслар ва бошқалар бўлган. Улар турли хил диний адабиётлардан фойдаланган ҳолда ноқонуний жамоат кўринишидаги йиғинларни ташкил этишган.

«Божхона қўмитасининг бошқарма бошлиғи ўринбосари динга мутаассибларча берилиб, 2021 йилдан бошлаб мазкур норасмий диний дарсларни мунтазам равишда ташкил этиб келган. У ҳар бир дарс учун жамоат аъзоларидан маълум миқдорда пул йиғиб, устозларга берган», — дейилади хабарда.

Гуруҳ аъзолари 1989 йилда туғилган ва ҳозирда Мисрда бўлган шахсдан Telegram орқали онлайн тарзда сабоқ олишган.

Шунингдек, уларга Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси ҳам оффлайн тарзда диний маърузалар ўтган.

Ҳозирда Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари, божхона органлари тезкор ходими ва катта инспектори, шунингдек, Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси ҳамда жамоат аъзоларига Миср давлатидан туриб, онлайн тарзда диний сабоқ берган фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.

Қолган фуқаролар жиноят иши доирасида гумонланувчи сифатида терговга жалб қилинган.