Ўзбекистонда 2025−2026 ўқув йилидан республиканинг ҳар бир туман ва шаҳрида босқичма-босқич инклюзив таълим талабларига жавоб берадиган камида биттадан умумтаълим мактаби фаолияти ташкил этилади. Бу ҳақда президентнинг 7 февралдаги 2025 йилга мўлжалланган давлат дастурини амалга ошириш тўғрисидаги фармонида айтилган.
Ҳужжатга кўра, шунингдек, янги баҳолаш тизими жорий этиладиган умумтаълим мактаблар сони 3 мингтага етказилади.
Мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларида қўл меҳнати билан яратилган асарлар, ўқувчилар томонидан чизилган расмлар ва ижодий ишларни ўз ичига олган «Экологик бурчаклар», мактабгача таълим ташкилотларида «Экологик йўлакчалар», мактабларда I ва III чоракнинг сўнггида «Табиатни асрашда менинг ҳиссам» мавзусида туркум тадбирлар ташкил этилади. Ўқув йили якунида эса республика миқёсида «Энг намунали эко мактаб» танлови ўтказилади.
Бундан ташқари, аввал хабар қилинганидек, 2025 йил 1 февралдан мактабларда ўзбек тили фанидан дарс берувчи ва миллий баҳолаш тизимида тегишли сертификатга эга ўқитувчиларга ҳар ойда тариф ставкасига нисбатан 50% миқдорида устама тўланади.
2025 йил 1 майдан «Тоза қўллар» дастури доирасида барча таълим муассасаларининг қўл ювиш жойлари зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминланади.
Йил давомида боғчалар мавжуд бўлмаган олис ва чекка ҳудудларда мактабгача таълимнинг муқобил шакли бўлган мобил гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилади. Уйда таълим олаётган ўқувчилар учун электрон ва видео дарсликлар яратилади ҳамда мобил қурилмалар орқали фойдаланиш учун махсус мослаштирилган платформа яратилади.
«Рақамли кутубхона» тизимининг китобларга буюртма бериш модули жорий этилади. Умумтаълим мактаблари табиий фанлар лаборатория жиҳозлари, спорт жиҳозлари ва миллий мусиқа чолғу асбоблари билан таъминланади. Бундан ташқари:
- мактаблар учун 65 номдаги янги дарсликлар, машқ дафтарлари, ўқитувчи методика китоблари яратилади;
- мактабларна 500 нафар хорижий мутахассислар жалб этилади;
- нодавлат мактаблар сони 700 тага етказилади.
2025 йил октябрь-декабрь ойларида мактаб ўқувчилари ўртасида гимнастика бўйича «Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги» спорт мусобақаси ўтказилади.
Шунингдек, тегишли вазирлик ва ташкилотлар, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда мактабдан ташқари таълим ташкилотларининг ўқитувчи-тренерлари ривожланган хорижий мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юборилади. Интеллектуал ўйинларни ривожлантириш мақсадида таълим муассасаларида шахмат тўгараклари жорий этилади.
«Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида ёшларни нуфузли халқаро компаниялар талабларига мос дастурлар асосида тайёрлаш чоралари кўрилади. Таълим муассасалари эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда чиқинди контейнерлар билан таъминланади.
Аввалроқ, фармонга мувофиқ, 2025/2026 ўқув йилида Green University циркуляр иқтисодиёт бўйича мутахассислар тайёрлашни бошлаши, йирик шаҳарларда «яшил техникумлар» пайдо бўлиши хабар қилинганди. Давлат ОТМларида аниқ ва табиий фанлар, муҳандислик-техника, тиббиёт йўналишлари бўйича грант асосида таълим квоталарини 25 минг ўринга етказиш кўзда тутилмоқда.