Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги хонадонда газ портлагани акс этган видео тарқалди.
Вилоят ФВБнинг хабар қилишича, ҳолат 12 февраль куни соат 18:00 атрофида туманнинг Гулистон маҳалласидаги уйлардан бирида содир бўлган. ИИБдан олинган хабарга кўра, воқеа жойига соат 22:00 атрофида вилоят ФВБ ва Ғиждувон туман ИИБ масъул раҳбарлари ҳамда 2 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган.
Ҳодиса газ сизиб чиқиб тўпланиши ҳамда чироқ ёқилиши оқибатида ҳаво газ аралашмаси портлаши содир бўлган. Портлашдан сўнг ёнғин юзага келмаган, дейилади хабарда.
Видеода бир киши портлаш содир бўлишидан олдин уй ёнидан ўтиб кетаётгани, яна бир киши ёнаётган ҳолда хонадондан югуриб чиққанини кўриш мумкин.
ФВБ матбуот хизматининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар тўғрисида маълумот келиб тушмаган.