Ўзбекистонда рақамлаштириш орқали иқтидорли спортчиларни излаш, саралаш ва тайёрлашнинг янги тизими жорий этилади. Бу ҳақда 13 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида сўз борди.
Бунинг учун алоҳида рақамли платформа ишга туширилади. Умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг у ёки бу спорт тури бўйича қобилияти аниқланади ва бу маълумотлар электрон платформага киритилади.
Спорт мактаблари ана шу мезонлар асосида ёшларни танлаб, уларни жисмонан ва руҳий жиҳатдан тайёрлайди. Спортчиларнинг кундалик натижалари ва ютуқлари ҳам ягона электрон тизимга жойлаштирилади.
Спорт федерациялари энг яхши натижа кўрсатган ёшларни терма жамоа йиғинларига таклиф этиб, саралаш ишларини олиб боради. Терма жамоаларга жалб этилган ёшлар учун жисмоний кўрсаткичларни мониторинг қилишнинг рақамли тизими яратилади. Спортчиларнинг кўрсаткичлари хорижий ёки тор соҳа мутахассисларига онлайн юборилиб, тавсиялар олиш имкони яратилади.
Спортчилар касал бўлганида, улар қандай дори воситаларини истеъмол қилиши мумкин ёки мумкин эмаслиги бўйича платформада онлайн консультациялар бериб борилади. Буни ҳисобига допинг билан боғлиқ нохуш ҳолатларни олди олинади, дейилади йиғилишда.