12 февраль куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонуни билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қонун билан «Ипотека тўғрисида»ги, «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги, «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги қонунларга ипотека муносабатларига электрон гаров хатини жорий этишни, бундай гаров хати билан таъминланган мажбуриятларни бажаришни, у бўйича ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказишни ва ундан фойдаланишга доир бошқа механизмларни белгилашни, шунингдек, талаб қилиш ҳуқуқлари ҳамда гаров хати тугатиш массасига киритилмаслигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Бунда, «Ипотека тўғрисида»ги қонунга киритилган қўшимчага кўра:
- Электрон гаров хатига ўзгартиришлар киритиш гаров хатининг қонуний эгаси ва гаровга қўювчи томонидан электрон гаров хатига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги келишув (қўшимча келишув) шаклини Ягона интерактив давлат хизматлари порталида тўлдириш орқали амалга оширилади;
- Электрон гаров хатлари бўйича ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш депо ҳисобварағига тегишли ёзув киритиш орқали амалга оширилади. Электрон гаров хатига доир ҳуқуқлар олувчининг депо ҳисобварағига тегишли ёзув киритилган пайтдан эътиборан унга ўтади ва депо ҳисобварағидан кўчирма билан тасдиқланади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.