Парламент Мажлиси депутати Ирина Смирнова Қозоғистондаги хорижий ноҳукумат ташкилотлари фаолиятидан хавотир билдирди ва хорижий агентлар тўғрисидаги тегишли қонунни қабул қилишни таклиф этди, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz.
«Биз, Қозоғистоннинг барча фуқаролари, бизга тақдим этилаётган маълумотлар қаердан келаётганини тушунишимиз керак. У бизга ўзини мустақил журналист деб таништирадими ёки пул тўлаган журналист деб? Кўпинча бу маълум бир кун тартибини олган ва пул тўланган одамлар томонидан тақдим этилади. Баъзида бу кун тартиби мамлакатимиз учун зарарли, бузғунчи бўлади… Чет элдан кимдир жамиятимизни ларзага соладиган, ёшларимизни бузадиган бегона қадриятларни тиқиштираётгани фуқароларимизга ёқмайди. Қозоғистонликлар ўзгалар ўйинининг асири бўлишни истамайди», — деди Смирнова.
У ўтган ялпи мажлисда депутатлар USAID`нинг Қозоғистондаги фаолиятига оид депутатлик сўровини эълон қилганини эслатди. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистонда 200 га яқин нодавлат ташкилот хорижий молиялаштиришни олади, уларнинг 70 фоизи АҚШдан турли манбалар орқали молиялаштирилган. Шунингдек, депутат ҳукуматнинг расмий маълумотларини мисол қилиб келтирди, унга кўра, Қозоғистонда грантларни 165 та турли донорлар тақдим этади. Шундан 53 таси халқаро ташкилотлар, 31 таси хорижий давлат ташкилотлари, 81 таси хорижий ва Қозоғистон нодавлат нотижорат ташкилотлари.
«USAID билан боғлиқ воқеада бўлгани каби, америкаликларнинг ўзлари ҳам ўзлари молиялаштираётган давлат оммавий ахборот воситаларининг бузғунчилигини тан олишмоқда, эскилик сарқити деб аташмоқда. Бугун „Озодлик“ сайтига кирган киши бунга яққол ишонч ҳосил қилиши мумкин. Бу ерда янги мактаб қурилиши, йўл, амалга оширилган ислоҳотлар, қозоғистонликларнинг қандайдир ғалабалари ҳақида бирорта ҳам материал йўқ, фақат танқид ва салбийликни кучайтириш», — деди у.
Унинг қўшимча қилишича, дунёда шунга ўхшаш муаммоларга дуч келган мамлакатлар хорижий агентлар тўғрисидаги қонунларни қабул қилиш орқали уларга қарши турганига мисоллар кўп. «Масалан, бундай турдаги қонунлар Исроилда 2016 йилдан, Хитойда 2017 йилдан, Австралияда 2018 йилдан, Буюк Британияда 2023 йилдан, Францияда 2024 йилдан бери ишлайди», — деди депутат.
- Грузияда мазкур мазмундаги қонуннинг қабул қилиниши норозилик ва намойишларга сабаб бўлган. Мухолифат вакиллари ва маҳаллий ОАВ Россиянинг хорижий агентлар тўғрисидаги қонунига ўхшашлиги учун ҳужжатни «хорижий агентлар тўғрисидаги қонун» деб атайди. Уларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси Грузиядаги танқидий овозларни бостириш ва мамлакатнинг ЕИга қўшилиш имкониятларини издан чиқаришга уринишдир. Грузия Конституциявий суди «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун бўйича даъволарни кўриб чиққан ва уни бекор қилишни рад этган.
- Ўтган йилнинг кузида Туркия ҳукумати «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонунни қабул қилмоқчи экани, уни бузганлик учун етти йилгача қамоқ жазоси назарда тутилиши ҳақида хабар берилганди. Фуқаролик жамияти, ОАВ ва мухолифат қонуннинг ўзгача фикрларни бостириш учун фойдаланилишидан хавотирда.